"Очиқ бюджет" ғолиблари рўйхати эълон қилинди
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджетдан 3,3 трлн сўм йўналтирилади.
"Ташаббусли буджет"нинг ғолиб лойиҳалари эълон қилинди. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
"Очиқ бюджет" порталида "Ташаббусли бюджет" жараёнининг 2024 йилдаги 1-мавсуми ғолиб лойиҳалари эълон қилинди. Унга кўра, республика бўйлаб 2 254 та маҳалла бўйича жами 2 770 та лойиҳа ғолиб деб топилди.
Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш учун маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 3,3 трлн сўм йўналтирилади.
Маълумот учун, овоз бериш жараёнларида мамлакатимиз бўйлаб 11,7 миллион нафар фуқаро иштирок этди.
Шу билан бирга, Қизилтепа туманида фуқаролар мажбурий овоз тўплашга жалб этилиши ҳолати қайд этилгани сабабли мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритилмоқда, ўрганиш натижаларига кўра, мазкур туман бўйича ғолиб лойиҳалар қўшимча равишда эълон қилинади.
Ғолиб лойиҳалар билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
“Ташаббусли бюджет”нинг жорий йилги илк мавсумига 1 февралдан старт берилганди.