Очиқ бюджетга овоз бериш техник носозлик сабаб вақтинча тўхтатилди
Айни вақтда мутахассислар муаммо устида ишламоқда.
“Очиқ бюджет” портали ишида айрим техник носозликлар кузатилаётгани сабабли портал фаолиятида узилишлар бўлмоқда. Носозликларни тўлиқ бартараф этиш мақсадида овоз бериш жараёнлари вақтинча тўхтатилади ва 16-март соат 00:00 дан бошлаб давом эттирилади. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.
Айни вақтда мутахассислар томонидан камчиликларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Тизим фаолиятига оид қўшимча саволларингиз юзасидан ушбу рақам орқали мурожаат қилишингиз мумкин: +99871 2035050 (ички рақам — 01323, 01327).
Эслатиб ўтамиз, “Очиқ бюджет”нинг жорий йилги илк мавсумига 1 февралдан старт берилганди.
- Лойиҳалар киритиш: 1–20 февраль;
- Лойиҳаларни саралаш: 21-феврал–11 март;
- Овоз бериш: 12–31 март саналари давомида ўтказилиши кўзда тутилганди.
Ушбу мавсум учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 3 трлн. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Жорий йилда лойиҳаларнинг энг юқори қиймати 1 млрд 360 млн сўмни ташкил этади.