Путиннинг курсдоши Россия Олий судига раҳбар бўлади
Аввал бу лавозимни Вячеслав Лебедев 1991 йилдан 2024 йил февралигача (вафотига қадар) эгаллаб келганди.
Россия Олий суди раҳбари лавозимига Путин билан бирга ўқиган судя тавсия этилди.
Мамлакат Судьялар олий малака ҳайъати Ирина Подносовани Россия Олий суди раиси лавозимига тавсия қилди, деб хабар бермоқда Россия ОАВлари.
Аввал ҳам ОАВ уни аввалги раҳбар Вячеслав Лебедев ўрнига асосий номзод деб атаган эди. Вячеслав Лебедев Олий суд раҳбари лавозимини 1991 йилдан токи ўлимига қадар эгаллаб келди. У 23 февраль куни вафот этди.
Подносова Путин билан бирга ўқиган ва Лебедевнинг иқтисодий низолар бўйича суд коллегияси раҳбари лавозимида ўринбосари бўлган.
"Ведомости" нашри суҳбатдоши Подносованинг кутилаётган тайинланишини "энг мантиқий сценарий" деб атади.
Ирина Подносова 1953 йилда Псковда туғилган, Ленинград давлат университетининг юридик факультетида амалдаги Россия президенти Владимир Путин билан бир вақтда таълим олган, иккаласи ҳам 1975 йилда университетни тамомлаган.
Ўқишни тугатгандан сўнг, Подносова ўз мутахассислиги бўйича ишлади ва меҳнат фаолиятини Ленинград вилояти ижроия қўмитасида бошлади. Шундан сўнг у Саратов вилоятида ишлади - аввал Волский қурилиш маҳсулотлари заводида юрист, кейин Волский шаҳар савдосида юрист бўлиб ишлади. 1990 йилда у Ленинград вилоятига ишга қайтди ва у ерда 2003 йилда Луга шаҳар суди раиси бўлди.2013 йилда у Ленинград вилоят суди раисининг ўринбосари, 2017 суд раиси, 2018 йилда эса Иккинчи апелляция суди бошлиғи этиб тайинланган.