Чорак аср тахтда, "тенгсиз сиёсатчи" ва империя орзуси: Путин 74 ёшга тўлди
Украинадаги можаро Путин даврининг кейинги босқичидаги энг муҳим тарихий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. У Россия ва Ғарб муносабатларини кескин ёмонлаштирди, мисли кўрилмаган санкцияларга, Россиянинг изоляцияда қолишига, НАТО кенгайишига ва Европа сиёсатининг сезиларли даражада ҳарбийлашувига олиб келди.

Октябр ойининг 7 санасида Владимир Путин 74 ёшга тўлди. Россия президентининг таваллуд куни фақат табриклар учун эмас, балки унинг сиёсий фаолиятини баҳолаш учун яхши баҳона. Путин 1999 йил охиридан буён Россия ҳокимияти тепасида (2008–2012 йилларда бош вазир) қолмоқда. Бу давр мобайнида Россия ҳам, Европа ҳам, халқаро хавфсизлик архитектураси ҳам, Москванинг дунёдаги ўрни ҳақидаги тасаввурлар ҳам тубдан ўзгарди.
Путиннинг йўли оммавий сиёсатдан анча узоқ майдонда бошланган. У 1952 йил 7 октябрда Ленинградда туғилди, 1975 йили Ленинград давлат университетининг юридик факультетини тамомлади ва кейин СССР давлат хавфсизлиги органларида (КГБ) хизмат қилди. Хизматининг муҳим қисми Германия Демократик Республикасининг Дрезден шаҳрида ўтди. Совет Иттифоқи парчалангач, Путин Санкт-Петербург мэри Анатолий Собчак жамоасига қўшилди, 1996 йили эса Москвага кўчиб ўтди.
Шундан кейин мансаб пиллапояларидан кўтарилиш жуда тезлашиб кетди. Путин аввал президент маъмуриятида масъул лавозимда ишлади, кейин Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ) раҳбари бўлди. Кейинчалик Россия Хавфсизлик кенгаши, бош вазир ва, ниҳоят, Борис Ельцин 1999 йил 31 декабрда истеъфога чиққанидан сўнг президент вазифасини бажаришга киришди. 2000 йил март ойида Путин илк бор президентлик сайловида ғалаба қозониб, президентлик курсисига михланди ва ҳамон шу ерда қоляпти.
Владимир Путиннинг дастлабки сиёсий капитали 1990-йиллардаги беқарорликдан кейин тартиб ва барқарорликни тиклаш ваъдасига асосланди. XXI асрнинг биринчи ўн йиллиги Россияга сезиларли иқтисодий ўсиш олиб келди. Жаҳон банки маълумотларига кўра, 2000–2008 йиллар оралиғида Россиянинг доимий нархларда ҳисобланган ялпи ички маҳсулоти тахминан учдан икки қисмга ўсди. Бунга 1990-йиллар инқирозидан кейинги тикланиш, ички ислоҳотлар, истеъмол ва инвестицияларнинг ўсиши ҳамда нефть ва газ экспорт қилувчи мамлакат учун ўта қулай ташқи конъюнктура бир вақтнинг ўзида таъсир кўрсатди. Масалан, Жаҳон банки 2007 йилдаги юқори ўсишни юқори нефть нархлари, кучли ички талаб ва макроиқтисодий барқарорлик билан боғлаган.
Қисқа қилиб айтганда, гарчи инновация ва ишлаб чиқариш ривожланмаган бўлсада, нефт ва газ ҳамда бошқа “худо берган” текин табиий бойликларни катта нархларда сотиш Россияни, табиийки унинг тепасидаги Путин ва унинг дўстларини ҳам мисли кўрилмаган даражада бойитиб юборди. Hermitage Capital инвестицион фондининг раҳбари Билл Браудер АҚШнинг CNN телеканалига берган интервьюсида “Россия президенти Путин 200 млрд долларлик бойликка эга” дея баёнот берди. Forbes журналининг 2015 йил февралдаги сонида эълон қилинган мақолада ҳам шу фикрлар келтирилган.
Иқтисодий барқарорликдан сиёсий марказлашувга
Россияда иқтисодий барқарорлашув сиёсий марказлашув билан бирга кечди. Путин даврида Москва ҳудудлар устидан назоратни сезиларли кучайтирди, губернаторларнинг сиёсий роли ўзгарди (улар сайланмайдиган, балки тайинланадиган бўлди), йирик олигархларнинг мустақил сиёсий таъсири камайди ва федерал ҳокимият янада қатъий вертикал тизимга айланди. Путин тарафдорлари буни 1990-йилларда заиф ва парчаланган кўринган давлат бошқарувчанлигининг тикланиши, Россиянинг “оёққа туриши” деб баҳолайдилар. Танқидчилар эса бу жараённинг бошқа томонига — сиёсий рақобатнинг қисқариши, мустақил оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик ташкилотлари учун фаолият майдони торайиши ҳамда институтларнинг президент вертикалига тобора кучли боғланганига қаратишади. ЕХҲТ кузатувчилари ҳам 2018 йилги сайловларда овоз беришнинг техник жиҳатдан яхши ташкил этилганини қайд этган бўлсада, бироқ асосий эркинликларга чекловлар ва ҳақиқий рақобат етишмаслигини ҳам таъкидлаган эди.
“Буюк империя”ни тиклаш орзуси
Вақт ўтиши билан ички сиёсий тарих ташқи сиёсат билан тобора яқин боғланди. Путин даврида 2008 йилги Россия–Грузия уруши, 2014 йилда Қримнинг босиб олиниши, Россиянинг 2015 йилдан Сурия можаросида диктатор ва шиа президент Башар Асадга кўмаклашуви ва ниҳоят, Европа сўнгги ўн йилликларидаги энг йирик ҳарбий инқироз юз берди. 2022 йил 24 февралда Россия Украинага кенг кўламли бостириб киришни бошлади. БМТ Бош Ассамблеяси Россия ҳаракатларини тажовуз сифатида қоралаб, қўшинларни олиб чиқишни талаб қилган резолюцияни қабул қилди. Уни 141 давлат қўллаб-қувватлади.
Украинадаги можаро эса Путин даврининг кейинги босқичидаги энг муҳим тарихий бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин. У Россия ва Ғарб муносабатларини кескин ёмонлаштирди, мисли кўрилмаган санкцияларга, Россиянинг изоляцияда қолишига, НАТО кенгайишига ва Европа сиёсатининг сезиларли даражада ҳарбийлашувига олиб келди. Бир вақтнинг ўзида Москва Хитой, Осиё ва «Глобал Жануб» мамлакатларига янада фаол йўналди. 2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди Путинни Украинадаги босиб олинган ҳудудлардан болаларни ноқонуний депортация ва кўчириш учун жавобгар бўлиши мумкин, деб ҳисоблаб, уни ҳибсга олиш учун ордер берди. Бу масала унинг сиёсий меросидаги энг жиддий халқаро-ҳуқуқий муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Россияликлар наздидаги “тенги йўқ” сиёсатчи
Шунга қарамай, Россия ичида Путиннинг қўллаб-қувватланиш даражаси юқори бўлиб қолмоқда, гарчи аниқ кўрсаткичлар тадқиқот услубига қараб фарқ қилса ҳам. «Левада-Центр»нинг 2026 йил сентябрь ойидаги сўровида респондентларнинг 76 фоизи президент фаолиятини маъқуллаган, 19 фоизи маъқулламаган. Сўров Россиянинг 50 субъектида 1616 нафар вояга етган фуқаро иштирокида ўтказилган. ВЦИОМ ижтимоий фикрни ўрганиш маркази октябрь бошида бироз бошқача, аммо барибир юқори натижаларни эълон қилди: сўралганларнинг 71,6 фоизи Путинга ишонишини, 68 фоизи эса унинг президент сифатидаги фаолиятини маъқуллашини билдирган. Бу рақамларни тўғридан-тўғри солиштириш тўғри эмас: саволлар шакли ва тадқиқот методикалари фарқ қилади. Бироқ умумий хулоса бир хил — президент ҳали ҳам катта ижтимоий қўллаб-қувватлаш захирасига эга.
Албатта бунга кучли давлат пропагандаси ва ўзгача фикрловчилар ҳамда мухолифатга қарши муттасил босим ҳам сабаб бўлаётгани айтилади. Борис Немцов, Алексей Навальний ва бошқа демократ мухолифларнинг ўлимида, кўплаб сиёсатчилар ва жамоат фаолларининг қамоқларга ташланиши ва хорижга қочиб кетишга мажбур бўлиши, “иноагент” ёрлиқлари ёпишитирилиб, фаолияти чекланишида ҳам ана шу босим таъсири билан ифодалашади.
Нима бўлганда ҳам, 2020 йилги конституциявий ўзгаришлар Путиннинг сиёсий умрига яна умр қўшди. Амалдаги Конституциянинг 81-моддаси президентликни икки муддат билан чеклайди, бироқ махсус қоида тузатишлар кучга кирган вақтда президент лавозимида бўлган шахснинг аввалги муддатларини ҳисобга олмаслик имконини берди. Шу сабаб Путин 2024 йилдаги ғалабадан сўнг 2030 йилда яна номзодини қўйиши ва, ғалаба қилса, 2036 йилгача президент бўлиб қолиши мумкин. 2026 йил июнь ойида Reuters саволига жавоб берар экан, у бу имкониятдан фойдаланиш-фойдаланмаслигини аниқ айтмади ва бу ҳақда гапиришга ҳали эрта эканини билдирди.
Путининг сиёсий- психологик портрети
Бу масалада эҳтиёткорлик зарур: оммавий хатти-ҳаракатлар асосида психологик ёки тиббий ташхис қўйиб бўлмайди. Лекин унинг барқарор сиёсий услубини таҳлил қилиш мумкин. Ўнлаб йиллар давомида Путин ахборот ва қарор қабул қилиш жараёни устидан назоратга интилиш, ҳис-туйғуларини омма олдида чекланган тарзда ифода этиш, интизом ва вертикал садоқатга катта аҳамият беришини намоён қилди. Унинг сиёсий тилида суверенитет, хавфсизлик, тарихий хотира ва кучлар мувозанати тушунчалари доимий ўрин тутади. Музокараларда эса узоқ муддатли ўйин услуби кўринади: у шароит ўзгаришини кута олади ва вақтнинг ўзини сиёсий ресурс сифатида қўллайди.
Бироқ танқидчиларнинг айтишича, Путин яхши етакчи эмас – яхши ижрочи, яхши стратег эмас – яхши тактик сиёсатчи. Тактик даражада Путин кўпинча босқичма-босқич ҳаракат қилиб, манёвр учун имконият қолдиради. Аммо Кремль муайян масалани давлат хавфсизлиги ёки Россиянинг тарихий мақоми билан боғлиқ деб ҳисобласа, қарорлар жуда катта кўлам касб этиши ва ўнлаб йилларга таъсир қилиши мумкин. Тартиб-таомилда эҳтиёткорлик, стратегик масалаларда эса кескин таваккалчилик — Путин тизимининг нега ҳамон барқарорлиги ва унинг ташқи сиёсатдаги драматик тўқнашувларини тушунишга ёрдам беради.
Умр китобининг сўнгги саҳифалари
Хуллас, Путин 74 ёшлик маррага сиёсий фаолиятини якунлаётган арбоб сифатида эмас, балки узоққа чўзилган халқаро қарама-қаршилик шароитидаги давлат раҳбари сифатида кириб келмоқда. 1 октябрда, яъни туғилган кунидан бир неча кун олдин, у жаҳон тизими ўта хавфли босқичда экани ва янада кучли эскалация хавфи мавжудлигини таъкидлади. Россия ядровий қудратга эга давлат, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий аъзоси ва йирик хомашё экспортчиси бўлиб қолмоқда, аммо шу билан бирга узоқ давом этаётган можаронинг иқтисодий ва дипломатик харажатларини ҳам кўтармоқда.
Шунинг учун Путин ҳақида якуний тарихий ҳукм чиқаришга ҳали эрта. Россия жамиятининг бир қисми учун унинг номи 1990-йиллар инқирозидан кейин давлатни тиклаш, барқарорлик, миллий ўзлик ҳиссининг кучайиши ва Россияни мустақил куч маркази сифатида қайтариш билан боғлаб тилга олинади. Танқидчилар учун эса у ҳокимиятнинг бир марказда жамланиши, сиёсий рақобатнинг заифлашиши, халқаро қарама-қаршилик ва 5 йилдан бери давом этаётган мантиқсиз ва ҳолдан тойдирувчи уруш билан боғлиқ.
Аммо ҳар икки қараш ҳам бир нуқтада туташади: Владимир Путиннинг таъсири аллақачон унинг шахсий биографияси доирасидан чиқиб кетган. Эҳтимол унинг 74 йиллик ҳаёти ҳақидаги энг муҳим хулоса мана бундай бўлади: Путин энди фақат бугунги сиёсий эмас, тарихий шахсга ҳам айланишга улгурди. Лекин Путин тарихи китобининг сўнгги саҳифаси ҳозирча ёзилгани йўқ.
Одатда туғилган кунда совға беришади. Путин эса туғилган кунида украиналикларга “совға берди”: 7 октябрга ўтар кечаси Россия Украина ҳудудига кенг кўламли ракета-дрон ҳужуми амалга оширди. Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари маълумотига кўра, ҳужумда баллистик ва кемаларга қарши ракеталар, 48 та Х-101, «Искандер-К» ва «Калибр» қанотли ракеталари, шунингдек 130 та Shahed, «Гербера» ва бошқа турдаги БПЛА қўлланган. Асосий зарбалар Киев, Харьков, Полтава ва Днепропетровск вилоятларига қаратилган. Маълумотларга кўра, ҳужумлар оқибатида Украина бўйича камида 19 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, қарийб 60 киши яраланган, улардан 4 нафари ёш болалар. Happy birthday to You, Mr. Putin!





