platina.uz
Таҳлил

Сурия-Россия муносабатлари: яқин иттифоқчидан эҳтиёткор ҳамкоргача

2024 йил декабрида Башар Асаднинг ҳокимиятдан кетиши Россия учун шунчаки дўст давлатда ҳукумат алмашуви эмас эди. Бу Москва қарийб ўн йил давомида Сурияда барпо этган бутун сиёсий конструкциянинг емирилишини англатарди.

Сурия-Россия муносабатлари: яқин иттифоқчидан эҳтиёткор ҳамкоргача

Башар Асад ҳокимиятининг ағдарилиши Россия-Сурия муносабатларининг якунига айланмади. Аммо бу воқеа уларнинг аввалги моделини деярли бутунлай йўқ қилди. Москва энди Сурия раҳбариятининг ҳомийси, Дамашқ эса Кремлга қарам иттифоқчи эмас. Ҳар икки томон ўзаро боғлиқликни чеклаган ҳолда, сақлаб қолиш мумкин бўлган нарсаларни сақлаб қолишга уринаётган прагматик шериклик эски ҳарбий-сиёсий иттифоқ ўрнини эгалламоқда. Шу йил 9 августда Россиянинг Суриядаги ҳарбий объектларининг келажаги бўйича имзоланган меморандум ана шу ўзгаришнинг энг яққол рамзига айланди.

Замонавий Россия-Сурия муносабатлари тарихи узоқ вақт давомида оддий конструкцияга асосланган: Москва Дамашққа сиёсий, дипломатик ва ҳарбий кўмак кўрсатар, Сурия раҳбарияти эса Россияга Яқин Шарқда стратегик мавжудликни таъминлар эди.

Бу ҳамкорлик, айниқса, 2011 йилда Сурияда можаро бошланганидан ва 2015 йил сентябрида Россия тўғридан-тўғри ҳарбий аралашганидан кейин янада мустаҳкамланди. Россия Башар Асад ҳукуматининг асосий ташқи ҳарбий-сиёсий ҳомийсига айланди. Россия авиацияси, маслаҳатчилари, ҳарбий мутахассислари ва дипломатик кўмаги Дамашққа уруш жараёнини ўз фойдасига буриш ва ҳудуднинг катта қисмини марказий ҳукумат назоратига қайтариш имконини берди.

Таъкидлаш керак, Москва учун Сурия оддий иттифоқчидан анча катта аҳамиятга эга эди. Тартус ва Ҳмеймимдаги Россия объектлари Москвага Ўрта ер денгизида доимий ҳарбий мавжудликни сақлаш ва Яқин Шарқда ўз таъсирини намойиш этиш имконини берди. Тартус Россия ҳарбий-денгиз кучларининг муҳим таянч нуқтасига, Ҳмеймим эса асосий авиация базасига айланди.

Шу боис, 2024 йил декабрида Асаднинг ҳокимиятдан кетиши Россия учун шунчаки дўст давлатда ҳукумат алмашуви эмас эди. Бу Москва қарийб ўн йил давомида Сурияда барпо этган бутун сиёсий конструкциянинг емирилишини англатарди.

Бироқ Кремл янги Дамашқ билан муносабатларни узмади. Аксинча, Москва янги воқеликка жуда тез мослашишга киришди. 2025 йилдаёқ Владимир Путин Суриянинг ҳудудий яхлитлиги ва барқарорлигини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди. Янги Сурия раҳбарияти ҳам Россия билан муносабатлардан автоматик равишда воз кечмаслигини англатди. Шу тариқа парадоксал вазият юзага келди: Россия Суриядаги асосий иттифоқчисини йўқотди, аммо унинг ўрнига келган давлат билан муносабатларни сақлаб қолишга ҳаракат қилди.

Москва Асадни йўқотди, аммо Сурияни йўқотишни истамаяпти

Асаднинг Москвага қочиб кетишидан кейин Кремл олдида ўта мураккаб вазифа пайдо бўлди. Бир томондан, Москва собиқ Сурия президентига бошпана берди. Россия давлат оммавий ахборот воситалари Асад ҳокимияти ағдарилганидан кейин унга Россияда бошпана берилганини хабар қилди. Иккинчи томондан, Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шараа Асад тақдирини принципиал масала сифатида кўрди.

2025 йил октябрида аш-Шараанинг Москвага ташрифи арафасида Reuters агентлиги Сурия манбаларига таяниб, Дамашқ Россиядан Асадни суд қилиш учун топширишни расман талаб қилишни режалаштираётганини хабар қилди. Шу тариқа Москва ва Дамашқ ўртасидаги янги музокаралар бошланишидан олдинёқ манфаатлар тўқнашувининг асосий нуқтаси пайдо бўлди.

Зеро, Дамашқ учун Асад — собиқ тизимнинг рамзи ва Суриядаги фуқаролик уруши даврида содир этилган кўплаб жиноятлар билан боғлиқ шахс. Москва учун эса Асад — Россия ҳокимияти ағдарилганидан кейин бошпана берган собиқ иттифоқчи. Аммо бундан ҳам муҳим жиҳат бор: Асад масаласи Россиянинг янги Сурияга қанчалик ён беришга тайёрлигини кўрсатувчи мезонга айланди.

Москва бошпана бериш тамойилини янги келишувга алмаштирмади

Россия позицияси кутилганидек бўлди: Кремл собиқ Сурия раҳбарини топширишга рози бўлмади.

Бунда нафақат гуманитар-сиёсий, балки муҳим стратегик ҳисоб-китоб ҳам бор. Агар Москва Асадни янги ҳукуматга топширишга рози бўлганида, Россиянинг собиқ иттифоқчиларига берган кафолатлари сиёсий вазият ўзгариши билан қайта кўриб чиқилиши мумкин деган тасаввур пайдо бўларди. Ўз иттифоқчиларини оғир вазиятларда ҳимоя қила оладиган давлат сифатидаги обрўсини сақлашга интилаётган Кремл учун бу ниҳоятда сезгир масала. Шунинг учун Асад тақдири аста-секин Москва ва Дамашқ муносабатларида ўзига хос «қизил чизиқ»қа айланди.

Аммо бу ерда принципиал зиддият пайдо бўлди: янги Сурия ҳокимияти ўз давлатини аввалги режим билан сиёсий ва ҳуқуқий узилиш асосида қуришга ҳаракат қилмоқда. Россия эса собиқ Сурия президентини ҳимоя қилишдан воз кечмаган ҳолда янги ҳукумат билан муносабатларни сақлашга уринмоқда.

Асад устидан суд жараёни сиёсий зиддиятни ҳуқуқий можарога айлантирди

2026 йил апрелида Дамашқда собиқ режимнинг юқори лавозимдаги вакилларига қарши биринчи оммавий суд жараёни бошланди. Башар Асад ва унинг укаси Моҳир Асадга нисбатан суд жараёни сиртдан ўтказилди. Собиқ президентнинг амакиваччаси Отиф Нажиб эса суд залида ҳозир бўлди.

Жараён янги Сурия ҳокимиятининг ўтиш даври адолатини қарор топтиришга қаратилган кенгроқ сиёсатининг бир қисмига айланди. Айниқса, Нажибнинг 2011 йилда Дараа воқеалари билан боғлиқлиги рамзий аҳамиятга эга. Айнан Дараа шаҳрида Асад режимига қарши дастлабки оммавий намойишлар бошланган ва бу воқеалар кейинчалик фуқаролик урушига олиб келган эди.

Шунинг учун суд жараёни янги ҳокимият томонидан нафақат жиноий иш сифатида, балки ўтмиш билан узилишни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришга уриниш сифатида ҳам қабул қилинди. Баҳор давомида ва ёз ойларида суд эшитувлари давом этди. Суд қотилликлар, қийноқлар, асоссиз ҳибсга олишлар ва бошқа жиноятлар билан боғлиқ айбловларни кўриб чиқди. 2026 йил 11 августда эса Дамашқ суди Башар Асадни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилди. Моҳир Асад ва Отиф Нажибга нисбатан ҳам худди шундай ҳукм чиқарилди.

Россия-Сурия муносабатлари учун бу принципиал аҳамиятга эга воқеа ҳисобланади. Энди гап фақат янги ҳокимиятнинг собиқ президентни топшириш ҳақидаги сиёсий талаби ҳақида эмас. Дамашқ ўз талабларига асос сифатида таяна оладиган суд қарорини қўлга киритди. Москва учун эса бу Асадни топшириш масаласини янада мураккаблаштиради. Чунки энди гап Россия бошпана берган ва Сурия суди томонидан ўлим жазосига ҳукм қилинган шахс ҳақида кетмоқда. Шу тариқа Асад Россия ва Сурия муносабатларидаги энг жиддий зиддиятлардан бири бўлиб қолмоқда.

Россия позициясининг парадокси

Бир қарашда, Асад ҳокимияти қулаганидан кейин Россия Сурияни бутунлай тарк этиши керакдек эди. Аммо воқеалар аксини кўрсатди.

Москва янги Сурия раҳбарияти билан дипломатик муносабатларни сақлаб қолишга қарор қилди. 2025 йил октябрида аш-Шараа Москвага бориб, Владимир Путин билан учрашди. Сурия раҳбари Россия билан муносабатларни тиклаш ва қайта белгилаш ниятини билдирди, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги тарихий алоқалар мавжудлигини таъкидлади.

Россия томони ҳам иқтисодий ҳамкорликни сақлаб қолишдан манфаатдорлигини кўрсатди. Россия ҳукумати раиси ўринбосари Александр Новак Россия компаниялари Сурияни тиклаш, жумладан, нефть соҳасида иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Россия томони Сурияга Россия ускуналарини етказиб бериш имкониятларига ҳам қизиқиш билдирди. Айнан шу ерда Москванинг янги стратегияси мантиғи намоён бўлади: Россия энди Сурияни сўзсиз иттифоқчи сифатида кўра олмайди. Аммо у Сурияни прагматик ҳамкорга айлантиришга ҳаракат қилиши мумкин.

Ҳарбий объектлар бўйича муроса

Юқорида зикр этилган янги моделнинг энг яққол исботи 2026 йил 9 августда имзоланган меморандум бўлди. Қарийб 18 ойлик музокаралардан сўнг Сурия ва Россия мамлакат соҳилларидаги Россия объектларининг келажаги бўйича келишувга эришди. Келишувга кўра, Ҳмеймим аэропорти ва Тартус портининг тижорий қисми каби фуқаролик объектлари Сурия давлати бошқарувига ўтади. Ҳарбий объектлар эса қўшма ҳарбий тайёргарлик ва малака ошириш марказларига айлантирилади. Янги моделга ўтиш уч ой ичида якунланиши керак.

Бу ерда ҳужжатнинг асосий сиёсий маъноси мужассам. Россия аввалги мақомини қайтариб олмаяпти. Аммо у Суриядан бутунлай чиқиб ҳам кетмаяпти. Бу ҳар икки томонга энг оғриқли сценарийдан қочиш имконини берувчи муросали моделдир.

Дамашқ учун мамлакат аҳолиси ва ташқи ҳамкорлар олдида асосий объектлар Сурия назоратида эканини намойиш этиш муҳим. Москва учун эса жисмоний мавжудликни, ҳарбий алоқаларни ва Сурия қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятини сақлаб қолиш муҳим.

Шу билан бирга, янги ўқув марказларида қоладиган Россия ҳарбий хизматчиларининг аниқ сони ҳозирча ошкор этилмаган. Демак, Россиянинг Суриядан тўлиқ чиқиб кетиши ҳақида гапириш ҳозирча эрта. Аммо Москва аввалги позицияларини тўлиқ сақлаб қолди, деб айтиш ҳам нотўғри. Уларнинг мақоми принципиал равишда ўзгарди.

Нега Россия муросага борди?

Москва учун аввалги моделдан воз кечиш мажбурий, аммо рационал танлов бўлди.

Асад ҳокимияти ағдарилганидан кейин Россия янги Сурия раҳбарияти билан тўғридан-тўғри қарама-қаршиликка киришмасдан, ўз ҳарбий мавжудлигини сақлаб қолиш заруратига дуч келди. Аввалги позицияларни куч ёки ультиматум орқали сақлаб қолишга уриниш ниҳоятда хавфли бўлар эди.

Биринчидан, Россия Суриядаги сиёсий тизим устидан аввалги назоратини йўқотди.

Иккинчидан, Дамашқ ташқи сиёсатини бир нечта куч марказлари — Туркия, араб давлатлари, АҚШ ва Европа мамлакатлари билан бир вақтда қуришга интилмоқда.

Учинчидан, Сурия раҳбарияти санкцияларни бекор қилиш, иқтисодиётни тиклаш ва инвестициялар жалб этишдан манфаатдор. Шунинг учун у Асад давридаги ташқи сиёсий қарамлик моделига қайтишни истамайди.

Ниҳоят, Россиянинг ўзи учун Сурия йўналиши кенгроқ контекстни ҳисобга олишни талаб қилади: Москва бир вақтнинг ўзида Украинадаги уруш ва бошқа минтақалар билан боғлиқ вазифаларни ҳам ҳал қилмоқда.

Бундай шароитда муроса барча имкониятларни бой беришдан кўра анча манфаатли.

Сурия ҳам Россиядан манфаатдор

Бироқ август келишувини фақат Россиянинг мағлубияти сифатида талқин қилиш хато бўлади. Дамашқ ҳам Россияни фойдали ҳамкор сифатида кўради.

Россия мутахассислари Сурия энергетикасида кўп йиллик иш тажрибасига эга. Россия компаниялари мамлакат нефть секторида фаолият юритиш тажрибасини шакллантирган. Москва Сурияга фойдали бўлиши мумкин бўлган ҳарбий, техник ва дипломатик имкониятларга ҳам эга.

Бундан ташқари, янги Сурия Россия билан муносабатларни қарама-қаршиликка айлантиришдан манфаатдор эмас. Шунинг учун Дамашқнинг бугунги сиёсати узилишдан кўра ташқи алоқаларни диверсификация қилишга ўхшайди.

Сурия Россия билан ҳамкорлик қилишни истайди, аммо бир вақтнинг ўзида Ғарб, араб давлатлари ва бошқа ташқи куч марказлари билан алоқаларини кенгайтирмоқда. Бу принципиал жиҳатдан янги ташқи сиёсий фалсафадир. Асад даврида Москва Суриядаги асосий хавфсизлик кафолатчиларидан бири эди. Аш-Шараа даврида эса Россия Суриянинг бир нечта ҳамкорларидан бирига айланмоқда.

Россия таъсирига яна бир зарба — энергетика

Бу контекстда энергетика масаласи айниқса муҳим. Август ойи бошида Reuters Сурия АҚШ билан мулоқотлар доирасида Россия нефти импортини сезиларли даражада қисқартиришга тайёрлигини билдирганини хабар қилди. Агентлик манбаларига кўра, Россиядан Сурияга нефть етказиб бериш ҳажми кунига қарийб 60 минг баррелни ташкил этган ва 2026 йилда бу кўрсаткич сезиларли даражада ошган. Агар бу тенденция давом этса, у Дамашқнинг Москвага иқтисодий қарамлигини камайтиришга интилаётганининг яна бир белгиси бўлади.

Бу принципиал жиҳатдан муҳим. Ҳарбий мавжудликни чекланган шаклда сақлаб қолиш мумкин. Аммо Россия бир вақтнинг ўзида энергетика, савдо ва инфратузилма соҳаларидаги аввалги таъсирини ҳам йўқотса, унинг Сурия сиёсатига таъсир ўтказиш имкониятлари аста-секин қисқаради.

Натижада янги босқичнинг ўзига хос формуласи пайдо бўлади: ҳарбий мавжудлик сақланади — сиёсий таъсир камаяди — иқтисодий рақобат кучаяди.

Россия энди Сурияни бошқармайди, балки унинг учун рақобатлашади

Асад даврида Россиянинг Сурия сиёсати кўп жиҳатдан мавжуд режимни қўллаб-қувватлашга асосланган эди. 2024 йил декабридан кейин бу модел имконсиз бўлиб қолди.

Бугун Москва бошқа ўйинчиларнинг манфаатларини ҳам ҳисобга олишга мажбур. Туркия янги Суриянинг сиёсий ва хавфсизлик архитектурасига сезиларли таъсирга эга. Араб давлатлари Сурияни тиклаш ва уни минтақавий тизимга қайтаришдан манфаатдор. АҚШ ва Европа мамлакатлари ҳам тикланиш жараёнидан ўз таъсирини шакллантириш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқда.

Шунинг учун Россия энди Суриянинг муқобилсиз ташқи ҳамкори эмас. Бу бутун конструкциядаги энг муҳим ўзгаришдир. Дамашқ энди турли давлатларнинг таклифларини солиштириши ва ўзи учун энг фойдали шартларни танлаши мумкин. Шу сабабли Суриянинг Москвага нисбатан сиёсати ҳам қатъийроқ бўлмоқда.

Сурия бу билан «Биз Россия билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз, аммо Россия Сурия билан қарам иттифоқчи сифатида эмас, суверен давлат сифатида ҳамкорлик қилиши керак», демоқчи бўляпти.

Кейинги босқичда нима бўлади?

Август меморандуми Россия-Сурия музокараларини якунламайди. Аксинча, улар учун янги асос яратади. Келгуси ойлардаги асосий масала Хмеймим ва Тартус бўйича келишувларнинг амалда қандай бажарилиши бўлади. Бундан ташқари, яна учта йўналиш муҳим.

Биринчиси — Башар Асаднинг тақдири. Сурия судининг ўлим жазоси ҳақидаги ҳукмидан кейин уни экстрадиция қилиш масаласи янада мураккаб ва рамзий жиҳатдан аҳамиятли тус олади.

Башар Асад билан боғлиқ вазиятнинг ҳуқуқий жиҳати ҳам мавжуд. Россия ва Сурия ҳали 2022 йил июнь ойида шахсларни топшириш тўғрисидаги шартномани имзолаган, мазкур шартнома Россия томонидан 2023 йил апрель ойида ратификация қилинган. Ҳужжат жиноий таъқиб қилиш ёки суд ҳукмини ижро этиш мақсадида шахсларни ўзаро топширишни назарда тутади. Бироқ шартноманинг мавжудлиги экстрадиция автоматик равишда амалга оширилишини англатмайди: муайян сўров бўйича қарор шартномада белгиланган тартиб-таомиллар ва топширишни рад этиш асосларига мувофиқ қабул қилинади. Шу боис Сурия суди Асадни сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилганидан кейин уни эҳтимолий равишда топшириш масаласи янада мураккаб тус олмоқда — бу энди бир вақтнинг ўзида ҳам ҳуқуқий, ҳам сиёсий масаладир.

Иккинчиси — Россиянинг Сурия иқтисодиётидаги иштироки. Агар Россия компаниялари мамлакатни тиклашда иштирок эта олса, Москва йўқотилган сиёсий таъсирнинг бир қисмини иқтисодий воситалар орқали қоплаш имкониятига эга бўлади.

Учинчиси — энергетика. Агар Дамашқ Россия нефтига қарамликни кескин қисқартириб, бир вақтнинг ўзида Ғарб энергетика компанияларини жалб қилса, бу Россия таъсирининг янада пасайишидан далолат беради.

Шунинг учун Москва ва Дамашқ ўртасидаги муносабатларнинг келажагини битта меморандум эмас, балки ҳар икки томон сиёсий зиддиятларни прагматик ҳамкорликдан қай даражада ажрата олиши белгилайди.

Хулоса

Дамашқ учун Москва энди асосий ташқи ҳомий эмас. Москва учун Сурия энди сўзсиз иттифоқчи эмас.

Ҳар икки томон ўзаро манфаат, музокара, савдолашув ва чекланган қарамликка асосланган янги моделга ўтмоқда.

Шу маънода, 2026 йил 9 августда имзоланган меморандумни шунчаки ҳарбий объектлар ҳақидаги техник келишув сифатида кўриш мумкин эмас.

Бу ҳужжат Россия-Сурия муносабатларининг иттифоқчилик ва ҳомийлик давридан прагматик, эҳтиёткор ва доимий равишда қайта кўриб чиқилиши мумкин бўлган ҳамкорлик даврига ўтаётганини ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиради.

Энди Москва ва Дамашқ муносабатларининг келажаги бир раҳбарнинг тақдирига эмас, балки икки давлат Сурияда умумий манфаатларни қай даражада топа олишига боғлиқ бўлади. Бу Сурияда Россия кўп йиллардан буён биринчи марта ягона ҳал қилувчи ташқи ўйинчи бўлмаган шароитда содир бўлмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid