platina.uz

Путин биринчиси эмас: Шимолий Кореяга кимлар борган?

Бу ташриф турлича талқин қилиняпти, аммо дунё ҳамжамияти катта уруш чиқишидан жиддий хавотирини билдирмоқда.

Жаҳон
23 июнь, 14:00
Путин биринчиси эмас: Шимолий Кореяга кимлар борган?
Фотоколлаж: Platina.uz

Жорий йилнинг 18 май куни Россия президенти Владимир Путин Корея Халқ Демократик Республикасига ташриф буюрди. Бу унинг Шимолий Кореяга 2000 йилдан бери иккинчи шундай сафари ҳисобланади. Деярли чорак асрлик танаффусдан сўнг Россия етакчиси катта умидлар ва сўровлар билан Пхенян остонасига бош уриб борганини ҳеч ким яширгани йўқ. Зеро, глобал иҳоталаш ва санкциялар шароитида Россия ўзига дипломатик ва ҳарбий-сиёсий шерикларни қидиришдан тўхтамаяпти.

Путиннинг навбатдаги президентлик муддати бошланганидан сўнг илк хорижий сафарини Хитойга уюштирди. Бироқ кузатувчиларнинг айтишича, бу ташриф Путин учун унчалик самарали бўлмади. Хитой Кремл кутган ёрдам ва қўллаб-қувватловни ваъда қилмади. Россия етакчисининг иккинчи сафари Беларус, учинчиси эса Ўзбекистонга уюштирилди. Ниҳоят Пхенянга ташриф амалга оширилди.

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Владимир Путиннинг Шимолий Кореяга ташрифи хавфсизлик масаласи минтақавий эмас, глобал тус олаётганини исботлаганини билдирди.

Бошқа Ғарб давлатлари ҳам бу ташриф ва унинг оқибатида пайдо бўладиган Россия-КХДР ҳамкорлиги халқаро хавфсизлик учун таҳдид туғдиришини таъкидлашди. Илк натижалар ўзини куттирмади: янги санкциялар пакети эълон қилиндики, улар Россиянинг геосиёсий ва иқтисодий манфаатларига катта зарба бўлиб тушишини рус экспертларининг ўзи ҳам тан олишмоқда.

Кремл тарафдорларининг қувониб мақтанишича, Путин ва Ким Чен Иннинг ўзаро учрашувлари ғоятда самарали бўлди. Икки давлат раҳбарлари бир қанча фойдали битимларни имзолашдан ташқари, зарур ҳолатда бир-бирини ҳарбий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга ҳам келишиб олди. Бу эса деярли ҳарбий иттифоқчилик мақоми билан баробар.

Танганинг иккинчи тарафи

Бироқ мазкур ташриф ва унда эришилган келишувлар кутилмаганда Украина учун фойдали, айтиш жоиз бўлса, кутилмаган совға бўлди. Киев шу пайтгача Жанубий Кореянинг Украинани Россия агрессиясига қарши қўллаб-қувватлаши, ҳаттоки ҳарбий-техникавий ёрдам кўрсатишини орзу ҳам қилмас эди. Гарчи расмий Сеул атиги бир ой олдин Украинага ёрдам сифатида 2,3 миллиард доллар ажратишини, НАТОнинг Украина учун мақсадли фонди воситасида ярадор украин аскарлари реабилитацияси учун 12 млн. доллар ўтказишини эълон қилган бўлса-да, ҳарбий қўллаб-қувватлаш учун катта рағбат йўқ эди. Бироқ Путин ташрифидан сўнг Жанубий Корея Пхеняннинг ҳарбий қудрати кучайишини мувозанатлаш мақсадида Украинага қурол-яроғ беришга қарор қилди. Ёрдам пакети нафақат снаряд, ракета ва бошқа ўқ-дориларни, балки Россия авиациясини йўқ қилиш учун хизмат қилувчи ҳаводан ҳужумга қарши мудофаа тизимларини ҳам ўз ичига олади. Чунки Москва-Пхенян ҳамкорлиги Жанбуий Корея хавфсизлиги учун жиддий таҳдид сифатида қабул қилинди. Сеул расмийлари Киевга берилажак мазкур қурол-аслаҳалар Россиянинг ҳарбий қудратини ва империалистик иштаҳасини пасайтиради, натижада Россиянинг Шимолий Кореяга ёрдам бериш эҳтимолий кўлами қисқариб, алал-оқибат Пхеняннинг ҳам амбицияларини жиловлайди, деган ишонч билан ҳаракат қилишмоқда.

Путин биринчиси эмас

Аслини олганда, Путиннинг дунёдаги энг ёпиқ давлатга ташрифи биринчиси эмас. Шимолий Корея раҳбари онда-сонда хорижга чиқиб туради. Бироқ барча золим диктаторлар каби Ки Чен Ин ҳам ўз жонини қаттиқ авайлайди, ўз соясидан қўрқади. Диктатор отаси каби фақат зирҳли поездларда ҳаракатланади.

Ким Чен Ин КХДРни 2011 йилдан бери бошқариб келаётган бўлса, шу вақт мобайнида Пекинга норасмий ташриф ва Россиянинг Владивостокига расмий ташриф уюштирган, шунингдек, Сингапурдаги саммит ва Вьетнамдаги музокараларда қатнашган.

Бироқ Шимолий Корея ўта ёпиқ давлат бўлгани боис, хорижий машҳур шахсларнинг келиши ниҳоятда ноёб ҳодиса ҳисобланади. Кам сонли машҳурлар Шимолий Кореяда бўлишган.

АҚШ президенти Доналд Трамп

Трамп Шимолий Кореяга ташриф буюрган ягона АҚШ президенти бўлди. 2019 йил июн ойида у Ким Чен Иннинг таклифига биноан, икки Кореяни ажратиб турувчи демаркация чизиғини кесиб ўтди. Трамп Шимолий Корея етакчиси билан қўл бериб кўришди ва чегарани кесиб ўтишни “буюк шараф” деб атади. Трампдан олдин Жимми Картер 2010 йилда ва Билл Клинтон 2009 йилда КХДРга ташриф буюрган, бироқ улар президентлик лавозимидан кетганидан кейингина боришган.

Хитой раҳбари Си Цзинпин

Ҳар бир Хитой раҳбари камида бир марта Пхенянга ташриф буюрган. Хитойнинг амалдаги раҳбари Си Цзинпин Шимолий Кореяга илк бор 2019 йилда борган эди.Ташриф мамлакатлар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 70 йиллиги муносабати билан ташкил этилган.

Япония Бош вазири Дзюнъитиро Коидзуми

2002 йилда Коидзуми КХДРга ташриф буюрган биринчи япон раҳбари бўлди. Музокараларда 1970-80-йилларда Шимолий Корея разведка идоралари томонидан ўғирлаб кетилган 11 нафар япон фуқаросининг тақдири муҳокама қилинди. КХДРнинг ўша пайтдаги раҳбари Ким Чен Ир японлардан махсус хизматларнинг хатти-ҳаракатлари учун кечирим сўраган ва “келажакда бундай ҳолат такрорланмаслиги ва айбдорлар жазоланишига” кафолат берган.

Google раҳбари Эрик Шмидт

Эрик Шмидт 2013 йилда тўққиз кишидан иборат делегация таркибида Шимолий Кореяни зиёрат қилган. Шмидт Шимолий Кореяда интернетнинг ривожланиши билан қизиққан. У Пхенян компютер марказига ташриф буюрди, Шимолий Корея планшетини кўздан кечирди ва кореяликлардан “Қизил юлдуз” операцион тизимининг имкониятлари ҳақида сўради. Кейинчалик Шмидт КХДР раҳбариятига шаффофлик ва очиқлик бу мамлакатга фақат фойда келтиришини тушунтиришга ҳаракат қилгани ҳақида баёнот берганди.

NBA спорт юлдузи Деннис Родман

АҚШ Миллий баскетбол ассоциацияси юлдузи Деннис Родман 2013 ва 2014 йилларда КХДРга бир неча бор ташриф буюрган. У маҳаллий баскетболчилар билан ўртоқлик ўйинида иштирок этиш учун NBA собиқ юлдузлари жамоаси билан биргаликда илк ташрифини амалга оширди. 2013 йилда Родман Ким Чен Инни ўзининг абадий дўсти деб атаган. Таъкидлаш жоиз, КХДР етакчиси баскетболга қизиқади ва барча диктаторлар каби ҳатто ўз мамлакати учун баскетбол ўйини қоидаларини ҳам ўзгартирган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+