platina.uz

Ҳудудлар экологик ҳолатига кўра "тоза", "ўрта" ва "зарарли" зоналарга ажратилади

2030 йилга қадар бутун Ўзбекистон бўйлаб "Экологик транспорт" тизими ишга тушади. Автомобилларга махсус электрон стикерлар берилади.  

Жамият
30 март, 18:00
Ҳудудлар экологик ҳолатига кўра "тоза", "ўрта" ва "зарарли" зоналарга ажратилади

2024 йил июндан Ўзбекистонда автомобилларинг ҳавога зарарини камайтириш бўйича янги тизим ишга тушади. Вазилар Маҳкамасининг 2024 йил 29 мартдаги "Атмосфера ҳавосига транспорт воситаларининг салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида"ги 166-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 1 июндан бошлаб барча тоифалардаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича “Экологик транспорт" тизими босқичма-босқич жорий этилади.

Диагностик текширув натижаларига асосан транспорт воситаларига қалбакилаштиришдан ҳимояланган ва электрон белгига эга стикерлар берилади. Шунга кўра, транспорт воситалари "яшил", "сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза", ўрта" ва "зарарли" экологик тоифаларга бўлинади.

"Экологик транспорт" тизими доирасида ҳудудлар улардаги атмосфера ҳавоси билан боғлиқ реал экологик ҳолатдан келиб чиқиб, илғор хорижий тажриба ва инновацион технологиялар асосида "яшил"," сариқ" ва "қизил" ранглар билан белгиланадиган "тоза"," ўрта" ва "зарарли" экологик зоналарга ажратиб борилади.

"Экологик транспорт" тизими қуйидаги босқичларда жорий этилади:

- биринчи босқичда (2024–2026 йилларда) – Тошкент шаҳрида;

- иккинчи босқичда (2026–2028 йилларда) – Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда, заруратга кўра, алоҳида экологик зоналарда (сайёҳлик маркази, табиат қўриқхонаси, соғломлаштириш ва дам олиш маскани ва бошқалар);

- учинчи босқичда (2028–2030 йилларда) – бошқа барча ҳудудларда.

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларига нисбатан экологик компенсация тўловларини жорий этиш ёхуд улардан тегишли экологик зоналар ҳудудида фойдаланишни чеклаш ёки тақиқлаш чоралари кўрилади.

Экологик тоифаси ҳудуднинг экологик зонасига мувофиқ бўлмаган транспорт воситаларидан экологик зоналар ҳудудида фойдаланиш тартибига риоя этмаганлик учун жавобгарлик чоралари белгиланади.

Жарима маблағлари эса мамлакатнинг экологик ҳолатини яхшилашга ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга мақсадли йўналтирилади.

Ҳудудлардаги экологик зоналар чегараларини белгилаш ҳамда уларни ўзгартириш тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари томонидан Экология вазирлиги таклифига асосан амалга оширилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+