Бутун дунё машиналардан воз кечяпти
Бизда эса ҳали ўзи йўқ, ҳозир пул тўлаб, ярим йилдан кейин оладиган автомобилга даҳшатли даражада навбатларни кўриш мумкин.
Ривожланган ва гавжум шаҳарларда автомобил ҳаракати билан боғлиқ муаммолар бўлиши бор гап. Аммо автомобиллардан чиқаётган заҳарли моддалар бугун тирбандликдан-да жиддийроқ хавфдир.
Тошкент ҳавоси ифлослангани ҳақида жуда кўп манбалар маълумот берди. Пойтахтимиз бу борада дунё мамлакатларини ортда қолдирмоқда. Ҳаво ифлосланишига эса завод ва фабрикалардан чиқаётган зарарли тутунлар билан бир қаторда автомобиллар сонининг сезиларли ошгани ҳам жўяли сабаблардандир.
Ҳисоб-китобларга кўра, битта автомобил бир кунда ўртача 10-12 литр бензин сарфлайди ва атмосфера ҳавосига 25 килограммгача зарарли кимёвий бирикмаларни чиқаради. Бу бир йил давомида 4 тоннадан ортиқ кислородни “йўқотишга” сабаб бўлади. Одам ўпкаси эса бир суткада 13 кубометр ҳавони ютиб чиқаради. Юқоридаги кўрсаткич бутун бошли темир йўл тизими ҳажмига тенг. Бу каби зарарли кимёвий моддалар фақат инсоният эмас, ҳайвонот олами учун ҳам ҳалокатдир. Зарарли кимёвий бирикмалар иқлим ўзгаришлари(аномал иссиқ, қум бўронлари, аномал совуқ, магнит бўронлари ва бошқалар)га сабаб бўлади.
2022 йил 1 январ ҳолатида республикада жисмоний шахсларга тегишли жами автомобиллар сони 3 268 470 тани ташкил этмоқда.
Ушбу кўрсаткич ҳудудлар кесимида:
- Тошкент вилояти – 324 154 та;
- Қашқадарё вилояти – 260 583 та;
- Андижон вилояти – 223 783 та;
- Наманган вилояти – 218 613 та;
- Бухоро вилояти – 212 757 та;
- Хоразм вилояти – 210 255 та;
- Сурхондарё вилояти – 183 364 та;
- Қорақалпоғистон Р. – 135 872 та;
- Навоий вилояти – 97 439 та;
- Жиззах вилояти – 90 860 та;
- Сирдарё вилояти – 68 278 та.
Ўзбекистонда электромобиллар савдосидаги ўсиш эса 38% фоизга етган.
Дунёнинг энг ривожланган ва гавжум шаҳарларида вазият қандай?
• Францияда велосипед ҳайдовчилари учун кенг имкониятлар яратилган. Янги дастурга кўра, автомобилдан электр велосипедга ўтган фуқаро 200 еврогача компенсация олиши мумкин.
• Париж мутасаддилари аллақачон машиналарни шаҳар кўчаларидан сиқиб чиқаришга киришган. Масалан, ўтган йил июн ойида Франция пойтахтида экологик тоза транспорт турлари тарқалишини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган янги автоматик ижара тизими ишга туширилди.
• Буюк Британияда транспорт воситаларидан карбонат ангидрид гази миқдоридан келиб чиқиб, йиллик солиқ ундирилади.
• Сўнгги йилларда Хитой ҳукумати атроф-муҳитга зарарни камайтириш учун экологик тоза транспорт турларини ривожлантиришга қаратилган дастурни амалга оширмоқда. Чин мамлакатида “яшил” автомобил харид қилганлар учун турли субсидия ва имтиёзлар тақдим этилади. Хитой электромобил ва гибрид савдоси бўйича дунёда биринчи ўринни эгаллайди. 2021 йилда мамлакатда 507 минг дона шундай автомобил сотилган. Мамлакатнинг учта йирик метрополияси – Пекин, Шанхай ва Шенженда кенг кўламли электр транспорт воситаларини қувватлантириш тармоғи йўлга қўйилган.
• Бугунги кунга қадар дунёда Хитойнинг 1 миллиондан ортиқ “яшил” автомобили сотилган.
• Японияда атроф-муҳитга зиён етказмайдиган транспорт турлари афзал кўрилади. Кунчиқар юрт автомобил ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси маълумотига кўра, 2021 йилда “Toyota Приус” гибриди 248 000 донадан кўп сотилиб, ички сотувда етакчиликни қўлга киритган.
Статистик маълумотларга кўра, 2030 йилга келиб бензинли ва дизелли автомобилларни сотишни тақиқлайдиган давлатлар:
- Норвегия (2025 йилдан)
- Дания
- Буюк Британия
- Германия
- Ирландия
- Исландия
- Нидерландия