Сурхондарёдаги ЙТҲда ҳайдовчи ва икки фарзанди ҳалок бўлди
Аёл машинани ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳолда бошқарган. Яна икки киши шифохонага ётқизилган.
Сурхондарё вилояти, Сариосиё туманидаги аянчли ЙТҲда аёл ҳайдовчи ва унинг икки фарзанди ҳалок бўлди. Сурхондарё Йўл-патрул хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 27 март куни соат 15:40ларда Сурхондарё вилояти, Сариосиё тумани "Нилу" маҳалласи ҳудудидан ўтувчи автомобил йўлининг 21-километрида 1983 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро (аёл киши) "Nexia-3" русумли автомобилда "Сангардак-Денов" йўналишида ҳаракатланаётиб, тезликни меъёридан ошириши оқибатида тик нишабликда бошқарувни йўқотган ва йўлдан чиқиб кетиб транспорт воситаси бетон тўсиққа урилган.
Йўл-транспорт ҳодисаси ортидан автомобилда ёнғин юзага келган.
Мазкур ЙТҲ ҳамда ёнғин натижасида автомобиль ҳайдовчиси ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, автомобилда бўлган ҳайдовчининг яна бир нафар фарзанди ҳамда яқин қариндоши (автомобиль эгаси) оғир тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
Феврал ойида Сурхондарёда поезд машинани босиб кетиши оқибатида беш киши ҳалок бўлганди.