platina.uz

Наманганда ичимлик ва оқова сувини яхшилаш учун 70 миллион доллар ажратилади

Вилоятда мева-сабзавотчилик ривожланган, лекин экспорт кўрсаткичлари паст. Йил якунигача мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида 62 та лойиҳа ишга туширилади. 

Жамият
26 март, 14:10
Наманганда ичимлик ва оқова сувини яхшилаш учун 70 миллион доллар ажратилади

Айни пайтда Наманганда президент йиғилиши давом этмоқда. Вилоят Норин ва Сирдарёдан сув олади, 2 та магистрал канал ва 9 та сув омбори мавжуд. Лекин, Наманганнинг гидроэнергетикадаги салоҳияти ишга солинмаган эди.

Кеча Норин дарёсида ГЭСлар каскади қурилишига старт берилди. Бу ерда 228 мегаваттли 6 та станция йилига 1 миллиард киловатт электр чиқаради. Келгуси йилда Катта Андижон каналида 51 мегаваттли “Қўғай-1,2”, “Бешқўрғон-1,2” кичик ГЭСлар каскади ҳам ишга тушади.

Шу йили Попда 1 минг мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси барпо қилинади. Бу ҳам 2,2 миллиард киловатт электр, дегани.

Натижада вилоят ўз эҳтиёжини тўлиқ қоплаб, йилига 2,5 миллиард киловатт электр экспорт қилади.

Президент қишлоқ хўжалиги тармоқларига алоҳида тўхталди.

Наманганда сув манбалари сероб бўлгани билан, сув тежовчи технологияларни биринчи навбатда шу ҳудудда жорий қилиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Жорий йилда 60 минг гектарда сув тежовчи технологияни жорий қилиш ва 40 минг гектарни лазерли текислаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди.

Шунингдек, вилоятдаги каналларни бетонлаш, “Чоркесар”, “Заркент” ва “Испарон” сув омборларини қуриш, “Чуст” ва “М-2” каналини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.

Наманган қулай иқлим шароитига эга, бу ерда азалдан мева-сабзавотчилик ривожланган.

Лекин, мева-сабзавот экспорти мавжуд имкониятга мос эмас. Агар иш тўғри ташкил қилинса, экспортни 3-5 баробар ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан мева-сабзавот экспортини кўпайтириб, экспорт географиясини кенгайтириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Деҳқонларга берилган 18 минг гектарга карантин инспекторлари боғланиб, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш ташкил этилади, 54 минг гектарнинг агрокимёвий харитаси ишлаб чиқилиб, 18 минг гектари “GSP+” талабларига мослаштирилади.

Вилоятда мева-сабзавотнинг атиги 8 фоизи, гўштнинг 28 фоизи ва сутнинг 9,5 фоизи қайта ишланади.

Косонсой ва Чортоқ мева-сабзавотчиликка ихтисослашган бўлса-да, бирорта қайта ишлаш корхонаси мавжуд эмас. Мингбулоқ, Норин, Чортоқ ва Попда мева-сабзавот ва сут, Наманган ва Чортоқда гўштни қайта ишлаш қуввати етишмайди.

Йил якунигача мева-сабзавотни қайта ишлаш йўналишида 62 та лойиҳани ишга тушириш, Косонсой ва Попда йирик чорвачилик кластерлари фаолиятини йўлга қўйиш, Попда асал ишлаб чиқариш бўйича йирик корхонани ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Шаҳар ва маҳалла инфратузилмасини яхшилаш масалалари муҳокама қилинар экан, аҳоли зичлиги катта бўлган Наманган вилоятида уй-жой қуриш ишларини кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Икки йил олдин 1 минг 203 гектарда 200 минг аҳоли учун “Янги Наманган” шаҳри қурилиши бошланган. Жорий босқичда 20 минг хонадонли турар-жой, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, шунингдек 68 гектарда “Янги Ўзбекистон боғи” қурилиши бошланади.

Шунингдек, Чуст ва Поп туманида 10 минг аҳоли учун “Янги Ўзбекистон” массивлари қурилишига старт берилади.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш мақсадида Заркент, Хожикент, Исковот, Булоқбоши, Ёшлик шаҳарчалари ва Наманган шаҳрида сув таъминотини яхшилаш лойиҳасини жадаллаштиришга кўрсатма берилди.

Шунингдек, Чуст, Поп, Наманган ва Мингбулоқда ичимлик ва оқова сувини яхшилашга 70 миллион доллар жалб қилинади.

Йўлларни қуриш, таъмирлаш ва сақлашга хусусий секторни янада кенг жалб қилиш, бу борада аниқ лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+