11 ёшли қизчани зўрлаб ўлдирганлар катта муддатга қамалди
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар суди 2024 йил 15 январда уларга ҳукм чиқарган.
Фарғонада 11 ёшли қизчани зўрлаб ўлдирган 3 кишидан 2 нафарига нисбатан катта муддатли қамоқ жазоси берилган. Бу ҳақда Platina.uz манбаси хабар берди.
Эсингизда бўлса, 2023 йил 20 июл куни Фарғона шаҳрида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган эди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 118 (Номусга тегиш) ва 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона шаҳар судининг 2024 йил 15 январдаги ҳукмига кўра, М.Солиев ЖКнинг 25,97-моддаси 2-қисми “в,з,о” бандлари, 118-моддаси 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Вояга етмаган Д.Абдусаломов ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми “в,з,о” бандлари, 118-моддаси 4-қисми ва 119-моддаси 4-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, узил-кесил 13 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
Яна бир вояга етмаган Б.Хакимов эса ЖКнинг 241-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, ЖКнинг 62-моддаси тартибида ўташ учун 1 йил 7 ой 12 кун озодликни чеклаш жазоси қолдирилган.