Шавкат Мирзиёев Путин билан телефон мулоқоти ўтказди
Президент Россия томонига "Крокус Сити Холл"даги ҳодиса сабаб ҳамдардлик билдирди. Ҳозирда қурбонлар сони 115 нафарга етган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 март куни Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди. Президент мулоқотда Москва вилоятидаги "Крокус Сити Холл" концерт залида содир этилган террорчилик ҳаракати оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқи номидан вафот этганларнинг оила аъзоларига бардамлик, жароҳатланганларга тез фурсатда шифо топишларини тилади. Бегуноҳ инсонларга қарши қаратилган ушбу жиноят яна бир бор қатъий қораланди.
"Россия етакчиси, ўз навбатида, Ўзбекистон Президентига ушбу оғир дамда билдирилган далда сўзлари ва зарур кўмакни кўрсатишга тайёрлиги учун миннатдорлик билдирди. Мамлакатларимиз хавфсизлиги ва барқарор тараққиётига таҳдид бўлган ушбу ёвуз кучга курашиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни фаоллаштиришга келишиб олинди" дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, "Крокус Сити Холл" концерт залида содир бўлган терактда қурбон бўлган сони ҳозирда 115 кишига етган. Кремл эса терактда алоқадорликда гумонланган 11 киши қўлга олинганини эълон қилганди. Федерал хавфсизлик хизматига кўра, уларнинг аксарияти "Украина чегарасига томон ҳаракатланаётганда" қўлга олинган.