Покистоннинг Афғонистонга зарбаси оқибатида саккиз киши ҳалок бўлди
"Толибон" ҳужумни қатъий қоралаб, суверенитетни бузиш дея баҳолади.
"Толибон" ҳаракати Покистон Афғонистон ҳудудига иккита ҳаво ҳужуми уюштиргани ҳақида хабар берди. Натижада саккиз киши ҳалок бўлган, улар аёллар ва болалардир.
Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
"Толибон" вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид: “Соат 3:00 атрофида Покистон самолётлари Покистон билан чегарага яқин Хост ва Пактика вилоятларида тинч аҳоли уйларини бомбардимон қилди" дея баёнот берган.
Мамлакат ҳукумати матбуот котиби зарбаларни "қатъий" қоралаб, буни мамлакат суверенитетини бузиш деб атади. Покистон армияси ва ташқи ишлар вазирлиги Reuters агентлигининг изоҳ сўраб қилган мурожаатига жавоб бермади.
Зарбалар 17 март куни Покистонга уюштирилган ҳужумда етти нафар покистонлик ҳарбий ҳалок бўлганидан кейин берилган.
Ҳужум Афғонистондан амалга оширилган. Покистон президенти Осиф Али Зардорий ҳужум учун қасос олишга ваъда берганди.