Бухорода юк автомобили ва автобус тўқнашди, бир киши қурбон бўлди
Автобуснинг 25 нафар йўловчисига тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
Бухорода автобус ҳамда юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, оқибатда бир киши вафот этган.
Дастлабки маълумотларга кўра, бугун, 2024 йил 18 март куни соат 10:30лар атрофида Бухоро вилояти, Когон туманидаги чорраҳада 1991 йилда туғилган ҳайдовчи О.Ш. бошқарувида бўлган автобус ҳамда 1984 йилда туғилган ҳайдовчи М.М. бошқарувида бўлган юк автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.
ЙТҲ натижасида бир нафар автобус йўловчиси оғир тан жароҳатлари билан шифохонада вафот этган. Шунингдек, бир нафар йўловчи тан жароҳати олган бўлиб, 25 нафар йўловчиларга биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатилган.
ЙТҲ юзасидан терговолди суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тафсилотлар юзасидан қўшимча маълумот берилади, дейилади Йўл ҳаракати хавфсизлиги хабарида.