platina.uz

Адлия вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

Ҳозирча номи бирор марта ўзгармаган ва битта сўздан иборат ягона вазирликни кимлар бошқараётганидан хабардормисиз?

Жамият
13 март, 20:05
Адлия вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

1992 йил 8 январ – “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-314-сонли президент фармони қабул қилинган ва Адлия вазирлигига асос солинган.

Шундан бери номи бирор марта ўзгармаган ва ҳозирча битта сўздан иборат ягона вазирлик сифатида қолмоқда.

Адлия вазирлиги тизимига:

  • Вазирлик марказий аппарати;
  • “Ўзархив” агентлиги;
  • Персоналлаштириш агентлиги;
  • Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) адлия бўлимлари, юридик хизмат кўрсатиш марказлари, давлат хизматлари марказлари ва ФҲДЙ органлари;
  • Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази;
  • “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази” давлат муассасаси;
  • “Адлия органлари ва муассасаларида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси;
  • “Давлат хизматларини ривожлантириш маркази” давлат муассасаси;
  • “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси;
  • Давлат нотариал идоралари ва архивлари;
  • Юристлар малакасини ошириш маркази;
  • Тошкент давлат юридик университети, юридик техникумлар ва академик лицей киради.

Вазир Ташкулов Акбар Джурабаевич – 1971 йил 21 сентябрда Жиззах вилояти Жиззах туманида туғилган. Маълумоти – олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 1994 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган. 2015 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” фахрий унвонига сазовор бўлган.

Меҳнат фаолияти

  • 1994-1995 йилларда Адлия вазирлиги Халқаро-ҳуқуқий бошқармасининг катта маслаҳатчиси;
  • 1995-1997 йилларда Адлия вазирлиги Қонунчилик ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ва ҳуқуқий экспертиза қилиш бошқармаси бош маслаҳатчиси;
  • 1997-2000 йилларда Халқ хўжалигида ҳуқуқий ишлар бошқармаси бўлим бошлиғи;
  • 2000-2002 йилларда Қонун ҳужжатларини туркумлаш ва ҳуқуқий ахборот бошқармаси бошлиғи;
  • 2002-2003 йилларда Халқ хўжалигида ҳуқуқий ишлар бошқармаси бошлиғи;
  • 2003-2005 йилларда Хорижий инвестициялар ва хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи;
  • 2005-2013 йилларда Сурхондарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи;
  • 2013-2017 йилларда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи;
  • 2017-2021 йилларда адлия вазири ўринбосари;
  • 2021-2022 йилларда Тошкент давлат юридик университети ректори;
  • 2022 йилдан Адлия вазири.

Қизиқ маълумот

Вазирнинг "Опен бюджет" (Ташаббусли бюджет) ҳақидаги фикрлари кенг муҳокама қилинган эди. У ўшанда ушбу лойиҳа ҳақида "Мендан ҳам овоз беришимни сўрашди, лекин бермадим", деган эди.

Ҳукуматнинг 2020 йил апрел ойидаги қароридан сўнг аҳоли томорқа ерларига қачон, нима экишни назорат қилиш солиқ ва ИИБ ходимларига юклатилганди. Бу кўпчилик жамоат фаоллари томонидан монополиянинг бошланиши сифатида талқин қилинган эди ва ўша йиллари Адлия вазири ўринбосари сифатида ишлаётган Акбар Тошқулов 2020 йил 25 май куни Facebook саҳифасида қолдирган постини “қишлоқ хўжалигига оид муҳим қонун лойиҳаларининг бугунги муҳокамасида ерга бўлган мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамлаш борасидаги либерал ғояларни ўтказа олмадик»¸ деб бошлай туриб, қишлоқ хўжалигида буйруқбозлик эмас – манфаатдорлик, назорат эмас – эркинлик, ерга эгаллик ҳисси деҳқонни самарали меҳнатга ундайди. Бунга эса ерга бўлган айрим мулкий ҳуқуқларни мустаҳкамламасдан эришиб бўлмайди”¸ деб ёзган эди.

Бундан ташқари, 2024 йилнинг январ ойида соҳадаги барча ҳуқуқий жараёнларни талаб даражасига етказиш учун адлия вазири А.Тошқулов масъул этиб белгиланди. Икки ойда соҳани тартибга солмаса, лавозимидан озод этилиб, Техник тартибга солиш агентлигига раҳбар этиб тайинланиши ҳақида огоҳлантирилганди.

Биринчи ўринбосар Каримов Алишер Нишанович – 1978 йилда Андижон вилояти Хўжаобод тумани туғилган, маълумоти олий, 1999 йилда Тошкент давлат юридик институти, 2011 йилда Президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган, мутахассислиги ҳуқуқшунос.

Ўринбосар Икрамов Музраф Мубаракходжаевич – 1973 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос. 2007 йилда Шуҳрат медали, 2014 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист унвони билан тақдирланган.

Ўринбосар Мелиев Худоёр Хуррамович – 1980 йил Самарқанд вилоятида туғилган. 2001 йил Тошкент давлат юридик институтининг бакалавр босқичини, 2006 йил магистратура босқичини тугатган.

Қизиқ маълумот

Худоёр Мелиев 2019 йил июн ойида “Америка овози”га берган интервюсида дунё ҳамжамияти республикамиз ҳақида саёз ахборотга эга эканини айтиб, "Қонунларни бузганларга марҳабо демаймиз", деганди.

2021 йил октябр ойида Худоёр Мелиев ўз интервюсида президент фармон, қарор ва фармойишлари, бюрократияни қисқартиришга қаратилган ҳужжатлар, видеоселекторларда берилган топшириқлари ижросини таъминлашдаги сусткашлик учун жавобгарлик ташкилий масалаларгача бориб етиши мумкинлигини маълум қилиб, президент топшириқлари ижросини таъминлашдаги камчиликлар учун вазир ўринбосарларидан 10 нафари маъмурий жавобгарликка тортилгани, кейинги чоралар янада қатъий бўлиши ва бундай қоидабузарлар ишдан олиниши ҳам мумкинлиги ҳақида гапирганди. Шунингдек, вазир ўринбосари президент ҳужжатлари ижроси хусусида "Бу масалада юзхотирчилик кетмайди. Керак бўлса, шафқатсизроқ бўламиз", деган эди

Ўринбосар Шерзад Миржалилович Рабиев 1984 йилда Сирдарё вилояти Ховос шаҳрида туғилган. 2005 йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.

Ахборот хизмати раҳбари Уринбаева Севара Қўчқоралиевна 1985 йил 28 февралда Тошкентда туғилган. МТРКда бир неча лавозимларда фаолият олиб борган.

Қизиқ маълумот

Ахборот хизмати раҳбари Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган қонунлар рус сайтлари орқали нотўғри талқин қилинаётганини билдириб, "Давлат ташкилотлари ва уларнинг мансабдорлари Ўзбекистонда яшар экан, ўзбек тилини ҳурмат қилишга мажбур ва ҳурмат қилмаганлик учун, керак бўлса, жаримага тортиш керак, бу жуда тўғри қарор”, деган эди.

Мафтуна Ёдгорова тайёрлади.


Камбағалликни қисқартириш вазирлиги


Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги


Фавқулодда вазиятлар вазирлиги


Инвестициялар вазирлиги


Қурилиш вазирлиги


Олий таълим вазирлиги раҳбариятини танийсизми?


Рақамли технологиялар вазирлиги раҳбариятини танийсизми?


Экология вазирлиги раҳбариятини танийсизми?

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+