Тошкентдаги қурилишда 23 яшар ишчи вафот этди
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазиятни ўрганганини билдирди.
Ижтимоий тармоқларда “Тошкентдаги қурилиш объектида 23 ёшли йигит бошига қолип тушиб кетиши оқибатида вафот этди”, мавзусидаги маълумотлар тарқалди. Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ушбу ҳолатни ўрганди ва маълумот берди.
Маълум бўлишича, мазкур объект Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 20 апрелдаги 200-сонли қарорига асосан Тошкент шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўрнатилган тартибда рўйхатга олинган.
Буюртмачи “New Times Buildings” МЧЖ Давлат хизматлари агентлиги орқали Тошкент шаҳар Янгиҳаёт тумани “Янги дархон” МФЙ ҳудудида 4 та 17 қаватли уй-жойлар қурилиши учун рўйхатдан ўтган. Кейинчалик қурилиш ишлари субпудратчи “King House” МЧЖга топширилган.
Қурилиш-монтаж ишлари ҳудудий инспекция ходимлари томонидан мунтазам назорат қилиб борилган. Хусусан, бажарилиши зарур бўлган 10 та ёзма кўрсатма берилган. Бироқ иш жараёнидаги эҳтиётсизлик сабаб 2024 йилнинг 11 март куни қурилишда ишлаб келаётган 2001 йилда туғилган Ш.Б.нинг бошига 14-қаватдан қолип-опалубка тушиб кетиши натижасида у вафот этган.
"Шу ўринда қурилиш объекти иштирокчилари, хусусан, буюртмачи, пудратчи ва техник назоратчиларнинг қурилиш майдонларидаги ишчилар учун хавфсиз шароитларни яратиб беришга масъул эканликларини яна бир карра эслатиб ўтамиз", дейилади вазирлик баёнотида.