Россияда ҳарбий самолёт ҳалокатга учради
Ҳалокат жойидан беш кишининг жасади топилди, ҳеч ким тирик қолмагани айтилмоқда.
Россиянинг Иваново вилоятида Ил-76 ҳарбий самолёти ҳалокатга учради.
Россия Мудофаа вазирлиги мазкур ҳолатни тасдиқлади. Ҳалокатга учиш вақтида двигателлардан бирининг ёниб кетиши сабаб бўлган. Экипаж фавқулодда қўнмоқчи бўлган, бироқ учиш-қўниш йўлагига этиб бормаган.
Самолёт бортида саккиз нафар экипаж аъзоси ва етти нафар йўловчи бўлган. Катта эҳтимол билан уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Ҳалокат жойидан ҳозирда беш нафар ҳалок бўлганларнинг жасади аллақачон топилган, деб ёзади маҳаллий ОАВлар.
База телеканалининг ёзишича, самолёт ўқув парвозини амалга ошираётган эди. Самолёт Северний аэродроми яқинидаги Богородское қишлоғи яқинидаги қабристон ҳудудига қулаган. Россия Аэрокосмик кучлар Олий қўмондонлиги комиссияси текширув учун Иваново аэродромига учиб кетди.
Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Белгород вилоятида Ил-76 самолёти ҳалокатга учраганди. Унда 65 нафар украиналик асир борлигини маълум қилинганди. Ушбу ҳодиса оқибатида ҳам ҳеч ким тирик қолмаган.