АҚШ "Россияни тийиб туриш" учун катта пул ажратади
Қўшма Штатларнинг 2025 йил учун бюджет лойиҳаси эълон қилинди.

АҚШнинг 2025 йилги бюджети лойиҳасида "Россияни тийиб туриш" учун 1,5 миллиард доллар маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда. Шунга ўхшаш маълумотлар АҚШ ҳукумати сайтида ҳам эълон қилинган.
“Оқ уй сўрови Кремл агрессиясига қарши курашиш учун 1,5 миллиард доллар ажратишни ўз ичига олади”, дейилади ҳужжат лойиҳаси матнида.
Таъкидланишича, Киевни қўллаб-қувватлаш масаласида келишув йўқлиги сабабли бюджет лойиҳасида “Украина эҳтиёжлари учун пул ажратмалари” киритилмаган.
“Бюджет Украинага ёрдам бера олмайди, бунинг учун Конгресс чора кўриши керак”, деб хулоса қилди ҳужжат муаллифлари.
Янги бюджет лойиҳасида АҚШ мудофаа харажатлари учун 850 миллиард доллар ажратиш кўзда тутилади.
Эслатиб ўтамиз, АҚШда Украина учун 60 миллиард долларлик ёрдам пакети Сенатда тасдиқланди. Аммо уни Вакиллар Палатаси ҳам тасдиқлаши керак.
Аввалроқ Жо Байден Украинани қўллаб-қувватлашда тўхтамаслигини таъкидлаганди.




