Сайхунобод туманига янги ҳоким тайинланди
Шунингдек, Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам алмашди.
Сайхунобод тумани ҳокими Анвар Каримов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бугунга қадар “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Сирдарё вилояти минтақавий филиали бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган Муллажанов Комилжон Хусан ўғли туманга ҳоким этиб тайинланди.
Комилжон Муллажанов 1990 йилда Сайхунобод туманида туғилган. 2012 йил Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2017 йил Банк-молия академиясини тамомлаган.
У фаолияти давомида “Ўзсаноатқурилишбанк” очиқ акциядорлик тижорат банки бош мутахассиси, бўлими бошлиғи, банкнинг Сирдарё минтақавий филиали бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Абдураҳим Умаров Сирдарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Раҳимжон Бобоев бошқа ишга ўтиши муносабати билан вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари вазифасидан озод этилди.
У 2023 йил апрелида ушбу лавозимга келган, унгача Алкогол ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги директори сифатида фаолият юритиб келаётган эди.
Унинг ўрнига Умаров Абдураҳим Абдулхамидович вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.
Абдураҳим Умаров 1985 йилда Сайхунобод туманида туғилган. 2008 йил Гулистон давлат университетини тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида Акциядорлик тижорат Халқ банки Сирдарё вилояти филиалида турли масъул лавозимларда, мазкур тайинловга қадар эса филиал бошлиғи сифатида ишлаб келаётганди.