Сирдарёда гиёҳвандлик ва тўй-маросимларни ихчамлаштириш масаласи муҳокама этилди
Тўй-маросимларни ихчам ва мазмунли ўтказиш нафақат ортиқча харажатларнинг олдини олади, балки оилаларни қарздорлик ва молиявий қийинчиликлардан асрашга ҳам хизмат қилади.

Сирдарё вилоятида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Матбуот хизмати ҳамда «Mahalla media» МЧЖ ҳамкорлигида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани ва медиа-тур ташкил этилди.
Тадбирда гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, тўй-маросимларни ихчам ва ортиқча сарф-харажатларсиз ўтказиш, шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни шакллантириш масалалари муҳокама қилинди.


Матбуот анжуманида соҳа мутахассислари ва экспертлар гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, оилавий муносабатлар ва жамият ҳаётига салбий таъсири хусусида фикр юритдилар. Айниқса, ёшлар ўртасида профилактика ишларини кучайтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, бандлигини таъминлаш ҳамда спорт ва касб-ҳунарга кенг жалб қилиш зарурлиги таъкидланди.
Қайд этилганидек, гиёҳвандликка қарши курашишда фақат унинг оқибатларини бартараф этиш билан чекланиб қолмасдан, ушбу иллатни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бунинг учун оилаларда соғлом маънавий-руҳий муҳитни шакллантириш, ота-оналар масъулиятини ошириш, ёшларнинг муаммо ва интилишларига эътибор қаратиш, уларни таълим, касб-ҳунар ва фойдали машғулотларга йўналтириш лозимлиги билдирилди.

Анжуманда тўйлар, маъракалар ва бошқа оилавий маросимларни ортиқча дабдаба ва исрофгарчиликсиз, миллий қадриятларимизга мос равишда ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, тўй-маросимларни ихчам ва мазмунли ўтказиш нафақат ортиқча харажатларнинг олдини олади, балки оилаларни қарздорлик ва молиявий қийинчиликлардан асрашга ҳам хизмат қилади. Зеро, тўйнинг қадри унинг дабдабаси билан эмас, балки эзгу ният, самимият ва аҳиллик билан белгиланади.
Бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар онгида тежамкорлик маданиятини шакллантириш, ортиқча сарф-харажатларга ундайдиган ижтимоий босимни камайтириш, маҳалла фаоллари, нуронийлар ва кенг жамоатчиликнинг тарғибот ишларидаги иштирокини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
Медиа-тур: маҳалладаги амалий ишлар билан танишув
Тадбирнинг амалий қисми Гулистон туманидаги «Ишонч» маҳалласида давом этди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Маълумотларга кўра, маҳаллада 5 351 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 1 409 нафарини ёшлар ташкил этади. Жорий йилда 210 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Шунингдек, ҳудудда 75 та тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда.
Аҳоли даромадларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маҳаллада ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Медиа-тур давомида журналистлар маҳалла аҳолиси, ёшлар ва фаоллар билан мулоқотда бўлдилар. Суҳбатларда гиёҳвандликнинг олдини олиш, ёшлар тарбияси, соғлом турмуш тарзи, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, маҳаллада ташкил этилган соғломлаштириш машғулотлари билан танишилди. Бундай ташаббуслар аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Хавфсиз маҳалла – ҳамжиҳатлик ва масъулият маҳсули
Тадбир якунида гиёҳвандликнинг олдини олиш, тўй-маросимларни ихчам ўтказиш маданиятини кенг тарғиб қилиш ва маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлаш фақат бир ташкилотнинг эмас, балки бутун жамиятнинг муштарак вазифаси экани алоҳида таъкидланди.





