Сирдарёда кундоши ва унинг қизини пичоқлаб ўлдирган аёлга ҳукм ўқилди
Воқеа шу йилнинг апрель ойида содир бўлган. 29 ёшли аёл жанжал сабабли шаърий турмуш ўртоғининг қонуний рафиқаси ҳамда унинг икки нафар вояга етмаган қизига пичоқ билан оғир тан жароҳатлари етказган.

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида она ва унинг бир қизини пичоқлаб ўлдирган, яна бирини жароҳатлаган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда "Миллар" дастурида хабар берилди.
Воқеа шу йилнинг апрель ойида содир бўлган. 29 ёшли аёл жанжал сабабли шаърий турмуш ўртоғининг қонуний рафиқаси ҳамда унинг икки нафар вояга етмаган қизига пичоқ билан оғир тан жароҳатлари етказган.
Оқибатда аёл ва унинг 5 ёшли қизи вафот этган, 3 ёшли қиз эса шифохонага ётқизилган. Марҳуманинг яқинлари аёлнинг яна 8 ёшли ўғли ва 20 кунлик чақалоғи қолганини айтган.
Жиноят ишлари бўйича Ширин шаҳар суди раиси Алишер Эргашевнинг айтишича, томонлар ўртасидаги келишмовчилик фарзанд кўриш масаласи туфайли келиб чиққан. Суд ҳукми билан аёл Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ва 97-моддаси 2-қисми (Оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) тегишли бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди.
Суд томонидан Жиноят кодексининг 57-моддаси (Енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан аёлга 13 йил 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.





