Айрим талаба-ўқувчилар учун контракт тўлаш муддати узайтирилади
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов бу ҳақда Platina.uz’га маълумот берди.
Айрим давлат олий таълим муассасаларида тўлов-контрактини тўламаган талабаларни дарсдан чиқариб юбориш ҳолатлари кузатилаётгани ҳақида таҳририятимизга мурожаат келиб тушди.
Давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича давлат комиссияси раиси Бош вазир Абдулла Арипов айни пайтда Тожикистонда бўлгани боис ҳолат юзасидан унинг матбуот котибига боғландик.
Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг Platina.uz нашрига маълум қилишича, ушбу ҳолат ижобий ҳал этилади ва айрим талаба-ўқувчилар учун тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддати 10 апрелга қадар узайтирилади.
Бу бўйича тегишли баён тайёрланган ва тез орада расмий ҳужжат эълон қилиниши кўзда тутилмоқда.
Ушбу узайтириш қуйидагиларга тааллуқли бўлади:
⁃ олий таълим муассасаларига тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилган (ОТМ раҳбарининг фармойиши асосида ўқишга қатнашишга рухсат этилган, фанларни ўзлаштирган лекин, шартнома тузиб, тўловларни белгиланган муддатлардан кечикиб амалга оширган ва бугунги кунгача талабаликка қабул қилиш бўйича буйруқ расмийлаштирилмаган) абитуриентлар;
⁃ хорижий ва нодавлат олий таълим муассасалардан ўқишини кўчираётган, кўчириб тиклаётган ва қайта тиклаётган талабалар;
⁃ профессионал таълим муассасалари (коллеж, техникум)га тўлов-контракт асосида ўқувчиликка тавсия этилган абитуриентлар.