platina.uz

Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар бўйича лойиҳа қабул қилинди

3 миллиондан ортиқ фуқароларнинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгаликни белгилаш масаласи қонуний ечимини кутмоқда.

Жамият
28 февраль, 11:00
Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар бўйича лойиҳа қабул қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга эгалик ҳуқуқи бўйича лойиҳани бир ўқишда қабул қилди.

2018 йилда Президентнинг тегишли фармонига мувофиқ ўтказилган бир марталик умумдавлат акцияси доирасида 621 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида тегишли рухсатномасиз қурилган уй-жойларига нисбатан эгалик ҳуқуқи эътироф этилиб, уларга кадастр ҳужжатлари расмийлаштириб берилган эди.

Шунга қарамасдан, бугунги кунга қадар 3 миллиондан ортиқ фуқароларнинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгаликни белгилаш масаласи қонуний ечимини кутмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинган қонун лойиҳасида ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланмоқда.

Шунингдек, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасининг ер фонди тоифасини ўзгартириш, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасини хусусийлаштириш тартиблари ўз аксини топмоқда.

Лойиҳада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+