platina.uz

Самарқандда ҳам газ бўйича уюшган жиноий тўда аниқланди

Улар ўз мансаб ваколатини суистеъмол қилиб, давлатга ўн миллиардлаб зарар келтирган. 

Жамият
23 февраль, 16:14
Самарқандда ҳам газ бўйича уюшган жиноий тўда аниқланди

Самарқандда давлатга ўн миллиардлаб зарар келтирган бир гуруҳ мансабдорларига ҳукм ўқилди. 2023 йил 13 феврал куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг очиқ суд мажлисида газ таъминоти соҳасига алоқадор ўн нафар мансабдорга оид жиноят иши кўриб чиқилди.

Platina.uz сайтида нусхаси бор суд ҳукмига кўра:

- Самарқанд газ таъминоти филиалида ишлаган О.Р аввал уч маротаба судланган, ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиъстемол қилиш, жуда кўп зарар етказган ҳолда) ҳамда 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик қараш) билан айбланган.

Жумладан, О.Р 2022 йил октябрь ойидан 2022 йил декабрь ойларида табиий газ учун тўловларни олдиндан амалга оширмаган ҳамда дебитор қарздорлиги бўлган Самарқанд шаҳридаги 210 та улгуржи истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришни тўхтатмасдан, қасддан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, умумий қиймати 1 млрд. 279 млн. 470 минг 276 сўмлик табиий газни етказиб берган ва “Ҳудудгаз Самарқанд” газ таъминоти филиалининг жуда кўп миқдорда дебитор қарздорлиги юзага келишига йўл қўйган. Оқибатда 2022 йил октябрь-декабрь ойларида қабул қилинган ва тақсимланган табиий газ ўртасида 27 млн. 761 минг. 300 м3 ёки 9 млрд. 300 млн. 20 минг сўмлик тафовут манфий фарқ юзага келган.

- “Самарқандшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими газ тақсимлаш қутиларини назоратга олиш бўлими устаси Ж.М, муқаддам икки маротаба судланган, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди ҳамда 207-моддаси 1-қисми билан айбланган. У Самарқанд шаҳридаги 577 та улгуржи истеъмолчилар табиий газ етказиб бериш бўйича тузилган шартнома шартларини бажармаганлиги сабабли уларга табиий газ етказиб беришни тўхтатмасдан, қасддан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, умумий қиймати 9 млрд. 132 млн. 306 минг344 сўмлик табиий газни етказиб берган ва давлат ва жамият манфаатларига катта зиён етказган.

- “Самарқандшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими маиший хизмат кўрсатиш бўлими чилангари, “Самарқандшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими улгуржи истеъмолчилар билан ишлаш хизмати бошлиғи лавозимида ишлаган Ю.И аввал уч маротаба судланган, ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланган. У шартнома шартларини бажармаган 775 та улгуржи истеъмолчиларга газ билан таъминлашда давом этиб, уларга 6 млрд. 706 млн. 287 минг 952 сўмлик табиий газни етказиб берган.

- “Пастдарғомтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.А Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди ва 207-моддаси 1-қисми билан айбланган. А.А ўз ваколатларидан фойдаланиб, давлат билан шартнома шартларини бажармаган 145 та истеъмолчига газ етказиб берган ва 10 млрд. 97 млн. 453 минг 472 сўмлик зарар келтирган.

- “Пастдарғомтумангаз” газ таъминоти бўлими улгуржи истеъмолчилар билан ишлаш хизмати бошлиғи лавозимида ишлаган С.Д. эса газ етказиб бериш бўйича шартнома шартларини бажармаган корхона ва ташкилотларга 21 млрд. 406 млн. 102 минг 588 сўмлик табиий газни етказиб берган.

- “Пахтачитумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи ишлаган Э.И эса шартнома шартларини бажармаган улгуржи истеъмолчиларга газ етказиб беришни тўхтатмасдан, уларга 1 млрд. 266 млн. 616 минг 632 сўмлик табиий газни етказиб бериб, зарар келтирган.

Қолган айбланувчилар ҳам 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбланган.

Суд эълон қилган ҳукмга кўра, фуқаро О.Р.га нисбатан ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми “а” банди билан, ЖКнинг 45-моддасини қўллаб, 1 (бир) йил муддатга давлат иштирокидаги корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг
300 баравари, яъни 90.000.000 (тўқсон миллион) сўм жарима жазоси тайинланди. Шунингдек унга ҳар ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ундириш шарти билан 1 йил 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш иши жазоси белгиланди.

Яна бир судланувчи Ж.М . га ЖКнинг 59-моддаси 2-қисмига асосан тайинланган енгилроқ жазони оғирроғи билан қоплаш йўли билан узил-кесил 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Судланувчи Ю.И.га эса судининг 2023 йил 13 июндаги ҳукми бўйича тайинланган жазонинг ўталган қисмини суд томонидан тайинланган жазога қисман қўшиш йўли билан узил-кесил икки йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, яна бир айбланувчи Д.С.га ЖКнинг 59-моддаси 8-қисмига асосан жиноят ишлари бўйича 2 йил 4 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Шунингдек, суд ҳукми билан бошқа айбдорларга ҳам жазолар эълон қилинди.

Аввалроқ "Ҳудудгаз" Фарғона вилояти филиали ва бир нечта туман бўлимлари раҳбар ходимлари ўз ваколатларини суиистеъмол қилиб, сохта ҳужжатлар ясаган, корхоналарнинг йирик қарзларига кўз юмган ва давлатга катта миқдорларда зарарлар етказгани аниқланганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+