Жиззахда аҳоли билан ишлаш танқидий муҳокама қилинди
Вилоятдан келиб тушган 4 минг 300 га яқин мурожаат қайта ўрганилган.
Президент Администрацияси ва Халқ қабулхонаси вакиллари бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Жиззах вилояти бўлди.
Президент топшириғига асосан гуруҳнинг асосий вазифаларидан бири сифатида вилоят бўйича аҳолидан энг кўп шикоятлар келиб тушаётган масалалар ва такрорий мурожаатларни таҳлил қилиш ҳамда секторлар ва маҳаллар кесимида уларга ечим топиш бўлди.
Ушбу мақсадда 21 та вазирлик ва идоралар томонидан Жиззах вилоятидан Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган жами 4 минг 300 га яқин мурожаатлар қайта ўрганилди, уларнинг 35% га яқини жойида ўз ижобий ечимини топди, қолган қисми эса ўрганиш жараёнида.
Ҳал этилган масалаларнинг асосий қисми оила ва хотин-қизлар, мактабгача ва мактаб таълими, коммунал, қурилиш, газ, электр, ичимлик суви таъминоти, молия, пенсия, тиббий ёрдам, бандликни таъминлаш каби қатор соҳаларга оид мурожаатлар бўлди.
Бундан ташқари, бир ҳафта давомида Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари бошчилигида Жиззах вилоят, туман ва шаҳар сектор раҳбарлари иштирокида 63 та сайёр қабул ташкил этилди. Қабулларда 700 га яқин масала кўтарилиб, уларнинг 226 таси жойида ҳал этилди, 300 таси бўйича тушунтириш берилиб, қолган 155 та масаланинг ижроси назоратга олинди.
Мисол учун, Жиззах вилояти ҳокими томонидан Фориш тумани “Боғдон” маҳалласида сайёр қабул ўтказилиб, 58 нафар фуқаролардан 92 та масалаларда мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг 38 таси жойида ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатларни белгиланган муддатларда ўрганиб, ижобий ҳал этиш бўйича вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, идора ва ташкилот раҳбарларига вазифалар белгилаб берилди.
Қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида 14 км ички йўллар шағаллаштирилди, 5 та трансформатор, 12 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 2,2 км ичимлик суви тармоғи янгидан тортилди. Аҳолига қўшимча 7,6 тонна, ижтимоий соҳа объектларига эса 50 тонна кўмир етказиб берилди.
Шу билан бирга, 14 фуқарога даволаниш учун ордер берилди ва шифохонага жойлаштирилди, 10 нафар кам таъминланган фуқароларга тикув машинаси олиб берилди, 183 нафар фуқарога бепул дори-дармон берилди. Ҳомийлар жалб этилиб, мурожаатчилар орасидан 21 нафар эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Мурожаатлар асосида вилоят тижорат банклари томонидан 61 нафар фуқароларига 502 млн сўм миқдорида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитлар ажратилиши таъминланди.
Қабуллар доирасида Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ўтказилган сайёр судлар давомида озодликдан маҳрум этилган 49 нафар маҳкумлар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинган бўлса, 9 нафар маҳкумларнинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 2 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод этилди.
Маҳалла ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 41 та оилалар яраштирилди.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 53 та алимент ундириш юзасидан суд бўйруғи чиқарилиб, ижрога қаратилди. Ажрашиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказилиб, 2 та оила яраштирилди.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан суд мажлисларида 60 та иқтисодий ишлар кўрилиб, 35 та тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари асосида 7,4 млрд. сўм ундирилиши белгиланди.
Ўрганишлар якуни бўйича вазирлик, идоралар масъуллари, сектор раҳбарлари иштирокида вилоятда аҳоли муаммолари ва мурожаатлари билан ишлаш ҳолати танқидий муҳокама қилиниб, бу соҳада мавжуд камчиликлар кўрсатиб ўтилди. Уларни бартараф этиш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгиланиб, Президент Администрацияси томонидан назоратга олинди.
Таҳлиллар асосида Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш мақсадида вилоят аҳолиси учун долзарб бўлган республика идоралари даражасида ҳал этилиши талаб этиладиган масалалар рўйхати шакллантирилди.
Республика ишчи гуруҳининг навбатдаги манзили Тошкент вилоятидир.