Аввал тинтув, кейин суд: Конституциявий судга муҳим мурожаат келиб тушди
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ муҳим масала юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди. Бу Жиноят-процессуал кодексининг 158¹-моддаси билан боғлиқ. Унга кўра, “кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда” тинтув терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан, суднинг олдиндан розилигисиз ўтказилиши мумкин. Суд эса кейин унинг қонунийлигини текширади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ муҳим масала юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди.
Бу Жиноят-процессуал кодексининг 158¹-моддаси билан боғлиқ. Унга кўра, “кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда” тинтув терговчи ёки суриштирувчининг қарори билан, суднинг олдиндан розилигисиз ўтказилиши мумкин. Суд эса тинтув ўтказиб бўлингач, унинг қонунийлигини текширади.
Аммо Конституциянинг 31-моддасида қоида аниқ, яъни уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Миллий марказ позициясининг мазмуни оддий, яъни онституция уй-жойда тинтув ўтказиш учун бир вақтнинг ўзида иккита шартни - қонунга мувофиқликни ва суд қарорини талаб қилмоқда. Унда “кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда суд қарорисиз ҳам мумкин” деган истисно йўқ.

Шунинг учун Марказ ЖПКдаги мазкур норма Конституциянинг 31-моддасига мувофиқми-йўқми, деган масалага Конституциявий суддан расмий ва якуний ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Бу позицияни бир қатор ҳуқуқий ва илмий муассасаларнинг хулосалари ҳам қувватламоқда.
Адлия вазирлиги уй-жойда тинтув ўтказишда “қонунга мувофиқ” ва “суднинг қарорига асосан” деган икки талаб биргаликда бажарилиши шартлигини билдириб, масалани Конституциявий судда кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини қайд этган.
Одил судлов академиясининг илмий позицияси янада аниқ.Тинтувдан кейин чиқарилган суд ажрими назорат вазифасини бажариши мумкин, аммо тинтувдан олдин мавжуд бўлиши лозим бўлган суд қарорининг ўрнини босмайди.
Тошкент давлат юридик университети ҳам ЖПКнинг мазкур қисми Конституциянинг 31-моддасига номувофиқ шакллантирилган, деган хулосага келган.
Юридик университет тадқиқот маркази, Жамоат хавфсизлиги университети илмий муносабатида ҳам жиддий конституциявий зиддият мавжудлиги, “кечиктириб бўлмайдиган ҳолат” тушунчаси эса қонунда аниқ чегараланмагани кўрсатилган.
"Масаланинг энг содда мазмуни шуки, суд қарори тинтувнинг асоси бўлса, у тинтувдан олдин мавжуд бўлиши керак. Аввал уйга кириб, тинтув ўтказиб, кейин суддан уни қонуний деб топишни сўраш - олдиндан берилган суд рухсати эмас.
Қонунга хилоф тинтувда олинган далилларни кейинчалик номақбул деб топиш мумкин. Аммо бузиб кирилган эшикни, ошкор бўлган оилавий сирни ва поймол этилган уй-жой дахлсизлигини орқага қайтариб бўлмайди", дея фикр билдирган адвокат Абдумалик Абдуллаев.
