Тошкент вилоятидаги цехда уч ҳиндистонлик ҳалок бўлди
Шунингдек, 29 киши шифохонага ётқизилган.
Тошкент вилоятидаги цехда бахтсиз ҳодиса юз берди, оқибатда уч нафар ҳиндистонлик ҳалок бўлди.
Бир неча кундан бери давом этаётган совуқ об-ҳаво, тоғли ҳудудларда кўп қор ёғиши ва қаттиқ шамол туфайли "Enter Engineering” компаниясининг металл тайёрлаш цехидаги (АЗМК-3) вақтинчалик қурилманинг том қисми қулаши натижасида техноген вазият вужудга келган, дейилади ФВВ хабарида.
Бунинг натижасида уч нафар ҳиндистонлик ишчилар воқеа жойида вафот этган, 29 нафари турли даражадаги тан жарохатлари олганлиги сабабли шифохонага жойлаштирилган, уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Жабрланган фуқароларнинг 4 нафарига шифохонада зарур тиббий ёрдам кўрсатилиб жавоб берилган.
Ушбу ҳолат юзасидан дастлабки тергов суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, об-ҳавонинг кескинлашуви ва қалин қор ёғиши оқибатида бугун Олмалиқ шаҳридаги “Қўқон бозорида” ҳам савдо навеси қулаши юз берди.
Жабрланганлар йўқ.