platina.uz

Самарқанддаги қабулларда 21 маҳкум шартли равишда озодликка чиқарилди

Шунингдек,  олти киши суд залидан озод этилган. 

Жамият
19 февраль, 13:13
Самарқанддаги қабулларда 21 маҳкум шартли равишда озодликка чиқарилди

Президент топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи ўз фаолиятини Самарқанд вилоятида давом эттирди.

Ишчи гуруҳига Президент маслаҳатчисининг ўринбосари – Халқ қабулхонаси раҳбари Улуғбек Муҳаммадиев бошчилигида Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари ходимлари, вазирлик ва идоралар масъуллари жалб этилди.

Мутасаддиларнинг асосий эътибори вилоят бўйича аҳолидан энг кўп шикоятлар келиб тушаётган масалаларга тезкорлик билан ечим топишга, танлаб олинган маҳаллаларда “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларни таҳлил қилишга қаратилди.

Мурожаатларни ўрганиш борасида 21 та вазирлик ва идора вакиллари томонидан бир ҳафта давомида Самарқанд вилоятида 7 мингда зиёд масалалар қайта ўрганилиб, натижада, уларнинг 1,4 мингтаси ижобий ҳал этилди. Жумладан, тиббий ёрдам, ордер олиш, мактабгача ва мактаб таълими, суюлтирилган газ, электр таъминоти, қурилиш, коммунал ва бошқа қатор соҳалардаги мурожаатларга ечим топилди.

Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари бошчилигида вилоят, туман, шаҳар секторлари билан 82 та сайёр қабул ташкил этилди. Қабулларда 2 мингга яқин масала кўтарилди. Уларнинг 30% га яқини ижобий ҳал этилди, қолган қисми эса ижро учун назоратга олинди.

Мисол учун, мурожаатлар асосида Самарқанд вилояти жиноят ишлари бўйича судлар томонидан озодликдан маҳрум қилиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўтаётган 21 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 2 нафар маҳкумнинг ўталмай қолган жазоси енгилроғи билан алмаштирилди, 6 та жиноят иши бўйича 6 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинди.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 7 та фуқаролик иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан иш юритишдан тугатилди.

Иқтисодий ишлар бўйича судлар томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, кичик бизнес субъектлари даъвогарлигида 10 та иш бўйича жами 949,2 млн сўм тадбиркорлик субъектлари фойдасига ундирилди.

Шу билан бирга, қабулларда келиб тушган мурожаатлар асосида 11 км ички йўллар шағаллаштирилди, 20 та янги трансформатор таъмирланди ёки янгисига алмаштирилди, 10 км узунликдаги янги электр тармоғи тортилди, 130 та суюлтирилган газ баллонлари тарқатилди, 22 тонна кўмир етказиб берилиб, 3 та ичимлик суви иншооти таъмирланди, 27 тонна чиқиндилар чиқариб ташланди.

Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлган яна бир муҳим йўналишлардан бири маҳаллаларда “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича амалга оширилган ишлар бўлди.

Самарқанд вилоятида 2024 йил 1-чорак давомида “Обод хонадон-обод кўча-обод маҳалла” мезонлари асосида қурилиш таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб бориладиган 4 та, жумладан, Каттақўрғон туманидаги “Мелихўжа”, Иштихон туманидаги “Қиёт”, Пастдарғом туманидаги “Гўзалкент” ҳамда Тойлоқ туманидаги “Тепа қишлоқ” маҳаллалари танлаб олинган.

Дастур доирасида аҳолини узлуксиз суюлтирилган газ билан таъминлаш учун 1,5 минг тоннага яқин қўшимча суюлтирилган газ етказилди, 17 км электр тармоғи тортилди ҳамда 623 та темир-бетон устунлар ўрнатилди, 15 та газ тақсимлаш пункти таъмирланди, 54 км ички йўллар шағаллаштирилди, 7 км ичимлик суви тармоғи тортилди, 8 та ичимлик суви насослари янгисига алмаштирилди, 2 та сув минораси таъмирланди, тизимдаги носозликлар бартараф этилди. Коммунал, қурилиш соҳасида жами 31 та кўп қаватли уйларда ва 2 та иссиқлик қозонхоналарида таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан маҳаллалар аҳолиси учун тиббий кўриклар ташкил этилди. Натижада, 337 нафар беморларга амбулатор шароитда даволанишга тавсия берилди, 103 нафар беморларга туман, шаҳар ва вилоят муассасаларида даволаниш ва текширувлар учун йўлланма берилди.

Бандлик масаласида 1 минг 300 нафар фуқарога амалий ёрдам берилди. 661 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 202 нафари жамоат ишларига жалб этилди, 366 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитишга жалб этилди. Тижорат банклари томонидан 35 нафар фуқароларига 334 млн сўм миқдорида кредитлар ажратилиши таъминланди.

Маҳаллалар ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган профилактик суҳбатлар ва чора-тадбирлар натижасида 85 та оилалар яраштирилди.

Ишлар давом этмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+