Жиззах ҳокими "Тасвирий ойина" қарзларини ёпишга пул ажратди
Аввалроқ вилоятда ичимлик суви ва оқова сув хизматлари қимматлашганди.
Жиззах ҳокими Эргаш Салиев "Тасвирий ойина" қарзларини ёпишга пул ажратди. 15 феврал куни Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши ( кенгаш раиси вилоят ҳокими саналади) тегишли қарорни эълон қилди.
Унга кўра, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси Жиззах бўлими томонидан амалга оширилган хизматлардан юзага келган қарздорликларни қоплаш учун 436 миллион 695 минг сўм ажратилади.
Жиззах вилояти ҳокимлиги Ишлар бошқарувчиси А. Абдуваҳобовга ажратилган маблағлардан мақсадли фойдаланиш топширилган.
Маблағ сарфланиши бўйича иловага кўра, "Самбхрам" университетига "Референдум-2023" панноларини тайёрлаш ва ўрнатиш учун 38 млн. 832 минг сўм, "Референдум-2023" табличкалари учун 83 млн. 678 минг сўм, Ўрда боғи ҳудудидаги ёритиш устунларига светодиодли Лайтбокс қурилмаларини тайёрлаш ва ўрнатиш учун 125 миллион 225 минг сўм берилади.
Эслатиб ўтамиз, куни кеча Жиззах вилоятида ичимлик суви ва оқова сув хизматлари қимматлашгани маълум бўлганди.