"Қамчиқ" довонида юк машиналари тўқнашди: беш киши қурбон бўлган
Ҳодиса сабаб жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Қамчиқ" довонида икки юк автомобили тўқнашуви оқибатида беш киши вафот этди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати хабар берди.
Маълум бўлишича, 11 феврал куни соат 23:40ларда Наманган вилояти, Поп тумани, "Қамчиқ" довони ҳудудидан ўтган йўлда 1983 йилда туғилган ҳайдовчи К.Й. "DAF" русумли юк автомобилини (енгил автомобилларни ташувчи) бошқараётиб ҳаракат хавфсизлигини таъминламасдан, йўлнинг хавфли бурилиш қисмида бошқарувни йўқотган ва қарама-қарши йўналишни ажратиб турувчи тўсиққа урилиб, қаршисидан келаётган ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган Ж.А. бошқарувида бўлган "Isuzu" русумли юк автомобили билан тўқнашиб, ЙТҲ содир этган.
Натижада, иккала ҳайдовчи ҳамда уч нафар йўловчилар тан жароҳати олиб воқеа жойида вафот этган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан Наманган вилояти ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми "а" банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ЙТҲ вақтида "DAF" русумли юк транспорт воситасига ортилган бир қанча енгил автомобиллар пастликка тушиб кетган.
Аввалроқ Тошкентда бир йил давомида қанча одам ЙТҲлар оқибатида қурбон бўлгани маълум қилинганди.