ДХХ "Тошшаҳартрансхизмат"нинг қатор раҳбарларини қўлга олди
Транспорт соҳасида тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилди.
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан транспорт соҳасида тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилган. Натижада "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ тизимида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди.
Хусусан, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ бошқарув раиси Д.А., бош муҳандиси А.А. ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарлари Т.Д. ва И.Б.лар ўзаро тил бириктириб, автобус саройларидаги эҳтиёт қисмлар, ёқилғи маҳсулотларини талон-торож қилиш йўли билан давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда иқтисодий зарар етказишган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ДХХ Тергов бошқармаси томонидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, АЖ раиси ва бош муҳандиси ҳамда 1 ва 8-автобус саройи филиаллари раҳбарларига нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал ҳам "Тошшаҳартрансхизмат" раҳбари А.Д қамоққани олингани маълум қилинганди. У Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) бўйича айбланмоқда.