Зойир Мирзаев бюджетдан 7 миллиард сўмдан ошиқ пул ажратди
Жумладан, Йилқичилик ва от федерацияси учун 170 млн. сўм берилади.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бюджетдан 7 млрд. сўмдан ошиқ маблағ ажратиш бўйича икки қарорни имзолади.
Биринчи ҳужжат маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағларидан фойдаланиш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олади. Унга кўра, 5,7 млрд сўм пул ажратилади.
Мазкур маблағ қуйидагича сарфланади: Оққўрғон туманидаги Бойғули МФЙда "Обод маҳалла" ва "Обод хонадон" ишларини амалга ошириш учун 2 млрд. сўм, Янгийўл шаҳри учун трансформатор харид қилиш ва ўрнатиш харажатларига 2 млрд. 284 миллион сўм берилади.
Бундан ташқари, Қумариқ маҳалласидаги Журналистлар боғини сув таъминотини яхшилаш учун 840 миллион сўм тақдим қилинмоқда. Қўқон шаҳридаги Ҳунармандчилик фестивалида Тошкент вилояти жамоаси иштироки учун 250 миллион сўм берилиши кўзда тутилган.
Шу жумладан, яна бир қарор билан бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан 1 млрд. 583 млн. сўм пул ажратилади. Шундан Йилқичилик ва от федерацияси Тошкент вилояти бўлими учун 170 миллион сўм, Президентнинг 2022 йил мартдаги хотин-қизларни қўллаб қувватлаш бўйича видеоселекторидаги топшириқлар учун 1,1 млрд. сўм ажратилади.
Аввалроқ Зойир Мирзаев қарори билан Тошкент вилоятида Янги йил арчаси учун 700 миллион, ободонлаштириш учун эса ярим миллиард сўмдан ошиқ пул берилиши маълум бўлганди.