Сурхондарёда ўқувчилар овқатдан заҳарланди
Жумладан, 32 нафар болада кўнгил айниши, ошқозонда ва қоринда оғриқлар кузатилган.
Сурхондарё вилояти Сариосиё туман ихтисослаштирилган мактаб-интернатида жорий йилнинг 18 январь куни ўқувчилар овқатдан заҳарлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги вазият юзасидан изоҳ берди.
Айтилишича, мактаб-интернат ётоқхонасига 120 нафар ўқувчи жойлашган бўлиб, шундан 32 нафарида 2024 йил 18 январь куни соат 22:00-24:00 оралиғида соғлиғи билан боғлиқ кўнгил айниши, ошқозонда ва қоринда оғриқлар кузатилди.
Мазкур ҳолат бўйича мактаб-интернат ҳамшираси биринчи ёрдам кўрсатди, қўшимча ёрдам учун тез ёрдам ходимларининг кўрсатмасига кўра туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилган.
Жорий йилнинг 19 январь куни Сариосиё туман Санитария ва эпидималогия осойишталик маркази томонидан мактаб-интернат ошхонасининг санитария ҳолати тўлиқ ўрганилиб, 18 январь куни ўқувчиларга берилган нонушта, тушлик ва кечки овқат намуналари таҳлил учун олинди.
Ҳозирда барча ўқувчиларнинг соғлиги яхши. Вазият ИИБ, СEС ҳамда таълим муассасалари агентлиги томонидан назоратга олинган, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Самарқандда, Ангренда, Наманганда ва бошқа ҳудудларда таомдан заҳарланиш ҳолатлари кузатилганди.