Яна 18 ҳоким ишдан олиниши кутилмоқда
Бош вазир уларнинг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқади.
Ўзбекистонда яна 18 та ҳоким ишдан кетиши мумкин. Бу ҳақда Президент йиғилишида маълум қилинди.
Ўтган йили 5 та - балиқчилик, паррандачилик, заргарлик, асаларичилик, ипакчилик тармоқларида хорижий инвестицияни жалб қилиш ишлари энг суст даражада бўлгани кўрсатиб ўтилди.
Хорижий инвестициялар ҳажми 2023 йилда 1,6 баробар ўсган бўлса-да, энг катта салоҳиятга эга Самарқанд ва Тошкент шаҳрида бу кўрсаткич имкониятга яраша бўлмади.
Шунингдек, 12 та туман ва шаҳарда ўзлаштирилган жами инвестициялар ўтган йилга нисбатан камайган.
Ёки, 6 та туман ва шаҳарда ўзлаштирилган инвестиция 10 миллион долларга ҳам етмаган.
Масалан, Шофиркон, Янгиобод, Нуробод, Пахтачи, Фурқат ва Хива тумани ҳокимларига консалтинг компаниялар томонидан 800 миллион долларлик 241 та тайёр инвестиция лойиҳа таклифлари ишлаб берилган бўлса-да, ҳокимлар тайёр лойиҳаларга ҳам инвестор топмаган.
Бош вазирга ушбу камчиликлар қайд этилган 18 та туман ва шаҳар ҳокимларининг лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ икки амалдор ишдан олинган, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев огоҳлантирилиб, 10 нафар ҳокимга чора кўрилиши белгиланганди.
Бундан ташқари адлия ва транспорт вазирлари ҳам огоҳлантирилди.