Самарадаги ЙТҲда ҳам ўзбеклар ҳалок бўлди
Айни пайтда жасадларни Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўриляпти.
Бугун, 16 январ куни Россиянинг Самара вилояти Ставрополск туманида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида 3 ўзбекистонлик ҳалок бўлди.
Айтилишича, Lada Largus ва “Газел” юк автомобили тўқнашган, Lada Largus машинасидаги жами 7 нафар ўзбекистонликдан 3 нафари воқеа жойида вафот этган, 4 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган ва тиббий муолажалар кўрсатилмоқда.
Айни вақтда Фавқулодда вазиятлар, Ташқи ишлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда вафот этган ва жабрланган фуқароларимизни ватанга олиб келиш юзасидан керакли барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза вилояти Нижнеломовск туманида Volvo юк машинаси ҳамда минивэн ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди. Уларнинг жасади Хоразмга олиб келинганди.