ТИВ ўзбекистонликлар ҳалок бўлган ЙТҲ бўйича баёнот берди
Самара вилоятида ичида 68 ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилиб кетганди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги Россиянинг Самара вилоятида ўзбекистонликлар иштирокида юз берган ЙТҲ бўйича маълумот берди.
"Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонаси 2024 йил 8 апрель куни Самара вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодиса натижасида ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Ҳодиса Самара вилоятидаги Урал-Муханово трассасида содир бўлган. Чимкент-Нижний Новгород йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган автобус йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилиб кетган. Ҳодиса вақтида автобусда 66 йўловчи бўлган. Оқибатда икки нафар Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлди, 20 га яқин киши жароҳат олди ва тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди", дейилади хабарда.
Зарур ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси ва Қозон шаҳридаги Бош консуллик ходимлари воқеа жойига етиб боришган.
Бу борада дипломатлар Россия Федерациясининг Самара вилоятидаги тегишли ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда. Вазият алоҳида назорат остида экани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, 8 апрел куни Самарада ичида 68 нафар ўзбекистонлик бўлган автобус ағдарилди. Оқибатда икки киши вафот этган, 26 киши жабрланган.