Россияда ҳалок бўлган саккиз ўзбекистонлик жасади олиб келинди
ФВВ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Россиянинг Пенза вилоятида ҳалок бўлган саккиз нафар ўзбекистонликнинг жасади олиб келинди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.
Президент Мирзиёевнинг топшириғига асосан Ҳукумат фармойиши билан Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари бошчилигида ташкил этилган ишчи гуруҳ кеча, 12 январь куни Пенза вилоятига етиб бориб, Россия Федерациясининг масъул идоралари раҳбарлари билан учрашган. Шундан сўнг махсус борт Россия Федерациясидан учиб, 13 январь куни соат 06:50 ларда Хоразм вилоятидаги “Урганч” халқаро аэропортга келиб қўнди.
Жароҳатланган фуқароларнинг 1 нафари 12 январ куни тонгги вақтда Пенза шаҳридаги шифохонада шифокорларнинг муолажаларига қарамасдан вафот этган.
Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Ташқи ишлар, Соғлиқни сақлаш ва Транспорт вазирликлари ҳамкорлигида 8 нафар вафот этган фуқароларнинг жасадлари яшаш манзилларига юборилди. Ҳозирда маҳаллий ҳокимликлар томонидан дафн маросимларини ўтказиш юзасидан тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Жароҳатланган яна 1 нафар фуқаро Пенза шаҳридаги касалхонада, даволаниш ишлари якунига етгандан сўнг Ўзбекистон Республикасига қайтарилади. Ҳозирги вақтда касалхонага жойлаштирилган фуқаро шифокорларнинг қатъий назоратига олиниб, тегишли муолажалар ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза области Нижнеломовский районида Volvo юк машинаси ҳамда минивэн ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган ва дастлаб етти нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлганди.