Иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар қисқартирилади
Шавкат Мирзиёев видеоселектор ўтказмоқда.
Президент раислигида жорий йилда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳукумат олдидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар қисқартирилиши таклиф этилди.
Йиғилиш аввалида иқтисодий комплекс мавзуси биринчиси экани, келгусида барча соҳа ва тармоқлар фаолияти танқидий кўриб чиқилиши таъкидланди.
Ўтган йили иқтисодий ўсиш 6 фоизни ташкил қилгани, бу йил ҳам бу борада катта режалар олингани қайд этилди. Уларни амалга ошириш учун иқтисодий комплекс жуда қаттиқ ишлаши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Иқтисодий комплексда жами 40 нафар раҳбар ўринбосарлари бор. Лекин, ҳозир иқтисодиётга масъулларда замонга муносиб фикрлаш, қарор қабул қилишда тезкорлик етишмаяпти. Айрим раҳбар ўринбосарлари ўзига масъулият олмасдан, мудраб ўтиргани танқид қилинди.
Давлат раҳбари тизимни қайта кўриб чиқиб, иқтисодий комплексдаги ўринбосарлар сонини 15 фоизга қисқартириш бўйича таклиф киритишга топшириқ берди.
Бунда ҳар бир туманда, вилоятдаги иқтисодий комплекснинг раҳбар ва ўринбосарлари ҳамда 11 та вазир ва идора раҳбари, ўринбосарларига масъулияти ва жавобгарлиги аниқ белгилаб берилади. Сўров ҳам шунга яраша қаттиқ бўлади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.