platina.uz

ДХХ Тошкентда ташкил этилган нарколабораторияни аниқлади

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жамият
12 январь, 11:48
ДХХ Тошкентда ташкил этилган нарколабораторияни аниқлади

ДХХ томонидан Тошкент шаҳрида аниқланган нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди.

Сўнгги вақтларда ёшлар орасида синтетик наркотик моддалар ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг истеъмоли тобора оммалашиб бормоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган махсус тадбир давомида Тошкент шаҳрида яширин фаолият олиб борган нарколаборатория фош этилди.

Жумладан, 1986 ва 1988 йилларда туғилган, олий маълумотли бўлган 2 нафар шахс логистика фаолияти билан шуғулланиш ниқоби остида Шайхонтоҳур туманидаги хонадонлардан бирида синтетик гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланишган.

Кўздан кечириш жараёнида хонадонда жами 56 та ўрамда 26 кг.га яқин “Мефедрон” гиёҳвандлик воситаси, синтетик наркотик тайёрлашда фойдаланиладиган 400 кг.дан ортиқ суюқлик ва кукун кўринишидаги кимёвий моддалар ҳамда хом-ашёлар, зарур асбоб-ускуналар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Терговга қадар текширув давомида, гиёҳвандлик воситалари тайёрлашда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хом-ашё ва прекурсорлар хориждан келтирилганлиги ва тайёрланган наркотик моддаларнинг савдоси Интернет тармоғи орқали амалга оширилганлиги маълум бўлди.

Тадбир давомида олинган наркотик моддалар тахминан 80 минг “доза”ни ташкил қилиши ва қора бозордаги қиймати 900 минг АҚШ долларига тенглиги, шунингдек, нарколабораторияда сақланаётган 400 кг.дан ортиқ кимёвий моддалар ва хом-ашёлар ёрдамида 50 кг.га яқин “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси ишлаб чиқариш мумкинлиги маълум бўлди.

Нарколаборатория аниқланганлиги ҳолати юзасидан Жиноят Кодексининг 246 ва 273-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ДХХ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Аввалроқ Сирдарёда қарийб 62,5 млрд. сўмлик газ талон-торож этилгани аниқланганди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+