80 бензиндан воз кечиш, эски машиналарни тақиқлаш ва бошқалар

Экология вазирлиги Тошкент шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланаётгани бўйича сабабларни келтириб, буни бартараф этиш учун таклифлар ҳам айтди.

Жамият
12 январь, 13:52
80 бензиндан воз кечиш, эски машиналарни тақиқлаш ва бошқалар

Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши сабабларини ўрганиб чиққан Экология вазирлиги бу ҳолатни бартараф этиш учун бир қатор таклифларни билдирди. Улар орасида 80 бензиндан воз кечиш, эски машиналарни тақиқлаш, Тошкентда кўмирдан фойдаланмаслик ва бошқалар бор.

Вазирлик хулоласига кўра, ҳаво ифлосланишига қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

  • Тошкентда яшил ҳудуд камайган. Жумладан, дарахтлар ва буталарнинг кесилишига эълон қилинган мораторий даврида 49 мингга яқин дарахтлар ноқонуний кесилган.
  • Шаҳарсозлик бош режалари тасдиқланмасдан, қурилиш ишлари бетартиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида бир неча маротаба қурилиш бўйича мораторий эълон қилинган бўлса-да, қурилишлар ҳанузгача давом этмоқда.
  • Автотранспорт воситалари сони ортиб бормоқда. Транспорт воситаларининг экологик даражаси, фойдаланилаётган ёқилғи ва йўл ҳаракатини ташкил этиш сифатига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Жумладан, республика бўйича автомобиллар сони 2021 йилда 3,14 млн. донани ташкил этган бўлса, 2023 йилда уларнинг сони 4,6 млн. донага етди. Бугунги кунда Тошкент шаҳрида бир кунда ўртача 730 мингта машина ҳаракатланса, қўшимча равишда ҳудудлардан 160 мингдан 300 минггача машина кириб келмоқда. Халқаро стандартларга тўғри келмайдиган А-80 маркали бензиндан фойдаланаётган техника воситалари эса атмосферага меъёридан ортиқ зарарли ташламалар чиқармоқда.
  • Шаҳарларда транспорт ва пиёдалар оқимининг кесишмалари сони камайтирилмаган, магистраллардаги юклама даражаси пасайтирилмаган, транспорт оқими таркибини, тезлик режимини тартибга солиш цикли оптималлаштирилмаган, йўл ҳаракати тўғри ташкил этилмаган. Натижада Тошкент шаҳрида тирбандлик ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Тирбандликда тўхтаб турган автомобил эса ҳаракатланаётган машинага нисбатан атмосферага кўпроқ ташлама чиқаради.
  • Иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолининг энергия ресурсларига бўлган талаби ортиши натижасида углеводородлардан, жумладан, кўмир ёқилғисидан фойдаланиш ҳажми ортмоқда. Хусусан, 2019 йилда 3,9 млн. тонна кўмир ёқилғисидан фойдаланилган бўлса, 2022 йилда бу рақам 5,3 млн. тоннага, 2023 йил якунига кўра эса 6,7 млн. тоннага етган. Кўмир ёқилғисини қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда ажралиб чиқувчи ифлослантирувчи моддалар атроф-муҳит, жумладан, атмосфера ҳавоси, тупроқ ва сув ресурсларининг ифлосланишига олиб келмоқда.
  • Куз-қиш мавсумида аҳолига марказлашган иссиқлик етказиб бериш учун мавжуд иссиқлик марказлари томонидан қўшимча ёқилғи сифатида мазут ёқилғисидан фойдаланиш атмосфера ҳавосининг кескин ифлосланишига ҳамда аҳолини эътирозларига сабаб бўлмоқда. Маълумотларга кўра, биргина Тошкент шаҳридаги мавжуд 6 та иссиқлик марказларининг 9 та қозонхоналарида декабр ойида 3 минг тонна мазут ёқилғисидан фойдаланилган.
  • Тошкент ҳавоси ифлосланишига шамол йўналиши ва тезлиги, ҳаво ҳарорати, қуёш радиацияси, атмосфера ёғинларининг миқдори ва давомийлиги, ҳарорат инверсиялари (вертикал бўйича аралаш зарраларнинг тарқалиб кетишига тўсқинлик қилувчи илиқ ҳаво қатлами) ва бошқа табиий омиллар ҳам сабаб бўлмоқда. Тошкент шаҳри тоғлар билан ўралган ва чуқурликда жойлашган. Шу сабабли шамол айланмаслиги ҳисобига чанг ҳаво оқими шаҳарда туриб, димланиб қолади ва табиий йўл билан чиқиб кетмайди.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига кўрсатилаётган салбий оқибатларни камайтириш мақсадида вазирлик қуйидагиларни таклиф қилмоқда:

  • “Евро-4” стандартидан паст экологик тоифадаги мотор ёқилғидан (AI-80 русумли бензин) фойдаланишни тақиқлаш;
  • автотранспорт воситалари тирбандлигини камайтириш ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳри ҳудудида куннинг тиғиз вақтларида (эрталабки соат 07:00дан 10:00га қадар ва 17:00дан 20:00га қадар) юк ташиш учун мўлжалланган, вазни 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ машиналар ҳаракатини чеклаш;
  • 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги машиналар ҳаракатланишини тақиқлаш, эгаларига замонавий машиналарга ўтиш учун (электромобил) имтиёзлар, преференциялар ва субсидиялар беришни йўлга қўйиш;
  • сўнгги йилларда автомобил йўлларида юзага келаётган тирбандликларни камайтириш мақсадида тажриба тариқасида автомобиллар ҳаракатини мақбуллаштириш учун автомобилларни “тоқ ва жуфт” кунларда бошқариш қоидасини жорий этиш;
  • шаҳарнинг диққатга сазовор марказий кўчаларида машиналардан холи ҳудудларни ташкил қилиш;
  • жамоат транспортини тўлиқ электр, газ-баллон ёқилғиси ва бошқа муқобил ёқилғи турларига ўтказиш, шунингдек, йўл инфратузилмасини ташкил этиш;
  • барча турдаги қурилиш объектларини (ижтимоий ва давлат аҳамиятига оид объектлар бундан мустасно) қуришга мораторий эълон қилиш;
  • Тошкент вилоятининг Тошкент шаҳрига туташ туманларида саноат мақсадларида кўмир ёқилғисидан фойдаланишни тақиқлаш;
  • микроиқлим мўътадиллигини таъминлаш, атмосфера ҳавоси сифатига ижобий таъсир этиш мақсадида сунъий сув ҳавзаларини барпо этиш;
  • Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган иссиқлик марказларида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланишни кескин тақиқлаш;
  • илмий ва пухта ишланган хулосалар асосида шамол тезлигини пасайтириш, тупроқ зарралари кўчишининг олдини олиш мақсадида Тошкент шаҳри атрофида “яшил белбоғ”лар барпо этиш;
  • атмосфера ҳавосининг сифат кўрсаткичини доимий эълон қилиб борадиган табло ва мониторлар ўрнатиш.
© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+