Турк полицияси Интерпол қидирувга берган ўн кишини ушлади
Улар орасида Ўзбекистонга тегишли шахс(лар) ҳам бор.
Турк полицияси Истанбулда уюшган жиноятчиликка алоқадорликда айбланиб, Интерпол томонидан қидирувга берилган 10 нафар гумонланувчини ушланганини эълон қилди. Улар орасида Ўзбекистонга алоқадор шахслар ҳам борлиги айтилмоқда, уларнинг сони очиқланмаган. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.
"Интерполнинг қизил билдиришномалари билан олти давлат томонидан қидирувга берилган 10 киши Истанбулда "Cage-30" операциясида қўлга олинди", дейди Туркия ички ишлар вазири Aли Ерликая Х ижтимоий тармоғида.
Халқаро уюшган жиноятчилик ва наркотик савдогарларига қарши курашни давом эттиришга ваъда берган вазир гумондорларга қарши Эрон, Жанубий Корея, Сурия, Хитой, Ўзбекистон ва Швейцария томонидан қизил билдиришномалар юборилганини айтди.
Гумонланувчилар фирибгарлик, пул ўмариш, қимор ўйинларидан тортиб, мигрант контрабандаси ва одам савдоси билан айбланяпти.