Россиядаги даҳшатли ЙТҲда етти ўзбекистонлик ҳалок бўлди
Ҳодиса Пенза вилоятининг Нижнеломовский районида содир бўлган.
Пенза областидаги ЙТҲ оқибатида 7 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди.
11 январга ўтар кечаси Россиянинг Пенза области Нижнеломовский районида Volvo юк машинаси ҳамда минивэн ўртасида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Натижада икки киши жароҳатланган ва Ўзбекистон фуқароси бўлган етти киши ҳалоқ бўлган.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабарига кўра, Қозон шаҳридаги Бош консулхона ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг ваколатхонаси вакиллари томонидан тан жароҳат олган фуқароларга ва марҳумларнинг жасадларини Ўзбекистонга жўнатишда керакли амалий ёрдам кўрсатилмоқда ва жойларда керакли ишлар олиб борилмоқда.
Мазкур ҳодиса юзасидан Россия Жиноят Кодексининг 238-моддаси 3-банди (истеъмолчилар хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлаш талабига жавоб бермайдиган равишда хизмат кўрсатиш ва эҳтиётсизлик оқибатида икки ва ундан кўп одамларнинг ўлимига сабабчи бўлиш) асосида жиноят иши қўзғатилган.