Амалиёт ўтайдиган талабаларга энди ҳақ тўланади
Талабаларни бунга саралаб олиш Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига топширилган.
Энди талабалар амалиёт ўтаса, уларга БҲМнинг 2 баравари миқдорида иш ҳақи тўланади. Шу пайтгача амалиёт учун пул берилмаган.
Амалиёт бўйича харажатлар махсус комиссия томонидан якуний қарор қабул қилингандан сўнг 15 кун давомида қопланади ва ижтимоий солиқ ҳам унинг ҳисобрақамига тушириб берилади.
Ҳукумат қарори билан бу бўйича низом тасдиқланган. Низомга кўра, амалиётни ташкил этиш мақсадида вазирлик талабалар ўртасида ҳар йили камида бир маротаба танлов ўтказади.
Бунда амалиёт ўташ учун 500 та (Тошкент шаҳри учун – 45 та, Қорақалпоғистон ва вилоятлар учун – 35 тадан) ўрин ажратилади. Танловда иштирок этиш учун талаба аризани шахсан ўзи, почта орқали ёки электрон шаклда ўзи ўқиётган олий таълим ташкилотига топширади.
Танловда қатнашиш учун талаба:
- битирувчи босқичда таҳсил олаётган бўлиши;
- таълим йўналиши (мутахассислиги) тармоқ корхонасидаги фаолият йўналишига мос бўлиши;
- Ўзбекистон резиденти бўлиши лозим.
Олий таълим ташкилоти ариза берган талабалар тўғрисидаги маълумотларни йўлланма хати билан Махсус комиссияга 5 иш кунида тақдим этади. Махсус комиссия ушбу ҳужжатларни келиб тушган кундан бошлаб 5 иш куни давомида кўриб чиқиб, талабани танловда иштирок этиши ёки уни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.
Махсус комиссия томонидан талаба амалиётини ташкил этиш иш режаси ҳимояси (тақдимот кўринишида) ўтказилиб, 20 кун ичида якуний қарор қабул қилинади. Якуний қарор қабул қилингандан 10 иш куни давомида танлов натижалари бўйича маълумот вазирликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.
Амалиёт 1 ойдан 3 очгача бўлган давр мобайнида ўқув режасида белгиланган муддатларда амалга оширилади. Талабанинг амалиёт ўташи учун синов муддати белгиланмайди.
Низом ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган олий таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилмайди.