Вазирлик ходими катта пора билан ушланди
ДХХнинг Самарқанд бошқармаси тезкор тадбир ўтказди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ходими катта пора билан ушланди. У хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаронинг ишончига кириб, унга гўёки АҚШ элчихонасидаги танишлари орқали виза расмийлаштириб, Қўшма Штатларга юбориш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, у олдиндан 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланди.
Шунингдек, 1999 йилда Оқдарё туманида туғилган, ҳозирда АҚШда яшовчи, муқаддам судланган шахс Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтида ўқийдиган қариндоши билан ўзаро тил бириктириб, маҳаллий фуқарони Мексика орқали Қўшма Штатларга ишга юбориш эвазига ундан 16 минг АҚШ доллари талаб қилишган.
Иқтисодиёт ва сервис институти талабаси сўралган пул маблағидан 10 минг АҚШ долларини олган вақтида ушланди.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирда Қўшма Штатларда яшаётган оқдарёлик шахс муқаддам 4 нафар фуқарони Америкага ишга юборишни ваъда қилиб, улардан 41.600 АҚШ доллари олган ва ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ собиқ ҳоким 200 минг доллар олаётганда қўлга тушганди.
Шунингдек ДХХ ер сотишга аралашган ҳоким ёрдамчисини ҳам ушлаганди.