Тошкентда ер олиб бериш эвазига 840 минг доллар сўраган шахс қўлга тушди
Қурилиш моллари савдоси бўйича бир неча дўконларга эгалик қилувчи шахс фуқарога Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги 9 гектарлик ер майдонининг 4 гектарини ҳужжатлаштириб бериш эвазига пул талаб қилган.

Тошкентда 4 гектар ерни ҳужжатлаштириб бериш эвазига 840 минг доллар сўраган шахс ушланди. Бу ҳақда ИИВ эълон қилган видеода айтилади.
ИИВ Тезкор қидирув департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда мурожаатчидан 840 минг АҚШ доллари талаб қилган шахс қўлга олинган.
Айтилишича, 1970 йилда Хоразм вилоятида туғилган, қурилиш моллари савдоси бўйича бир неча дўконларга эгалик қилувчи шахс фуқарога Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманидаги 9 гектарлик нотурар жой майдонининг 4 гектарини турар жой қуриш мақсадида ҳужжатлаштириб беришни ваъда қилган.
Бунинг учун Давлат кадастрлар палатасида юқори мансабли танишларига катта миқдорда пора бериш зарурлигини айтган.
Натижада ушбу шахс мурожаатчидан аввал 100 минг, сўнгра 740 минг доллар пул талаб қилиб келаётгани аниқланди. ИИВ Тезкор қидирув департаменти ходимлари томонидан Юнусобод туманидаги ресторанлардан бирида ўтказилган тезкор тадбирда гумонланувчи 100 минг доллар миқдорида пора олаётганда ушланди.
Ҳозирда мазкур иш юзасидан ЖКнинг 168 ва 211-моддалари бўйича тергов жараёнлари ўтказилмоқда.





