Россия армиясини хорижликлар ҳисобига тўлдирмоқчи
Путин тегишли фармонни имзолади.
Россия президенти Владимир Путин уруш вақти армияга кирган хорижликларга Россия фуқаролигини бериш ҳақидаги фармонни имзолади.
Шундай қилиб, “махсус ҳарбий операция” (Россия ҳукумати Украинадаги урушни шундай атайди) вақтида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома имзолаган хорижликларга Россия фуқаролиги берилади.
Фармон Россиянинг расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Россия фуқаролигини нафақат армияда хизмат қилаётган хорижликлар, балки уларнинг оила аъзолари ҳам олишлари мумкин. Паспорт олиш учун улар Мудофаа вазирлиги билан камида бир йил муддатга шартнома тузишлари керак.
Эслатиб ўтамиз, Ғарб томони Россия Украина урушида катта йўқотишларга учраганини айтиб келади. 2022 йил сентябр ойида Россияда қисман сафарбарлик эълон қилинди. Унда 400 мингдан ошиқ киши урушга жўнатилди.