Путин "таҳдидлар сабаб" ҳарбийлар сонини оширишга буйруқ берди
Шунингдек янги сафарбарлик масаласига ҳам аниқлик киритилган.
Россия президенти Владимир Путин Қуролли Кучлари хизматчилари сонини ошириш бўйича фармонни имзолади.
Унга кўра, РФ Қуролли Кучларида жами хизматчилар сони 2,2 миллион киши, шу жумладан 1,3 миллион аскарлар бўлади. Ҳукуматга Мудофаа вазирлигига бунинг учун бюджетдан зарур маблағлар ажратиш топширилди.
Мудофаа вазирлиги Қуролли кучлар штатлари сони 170 минг кишига кўпаяётганини маълум қилди ва буни Россияга таҳдидларнинг кучайиши билан изоҳлади.
“Россия Федерацияси Қуролли Кучларида ҳарбий хизматчилар сонини кўпайтириш шартнома асосида ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган фуқаролар ҳисобидан босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга чақиришни сезиларли даражада ошириш режалаштирилмаган. Сафарбарлик кун тартибида йўқ”, - дея таъкидланади вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ шунга ўхшаш фармон 2022 йил август ойида қабул қилинган. Ўшанда ҳарбийлар сони 1 150 минг кишигача оширилганди.
Ғарб томони Россия Украина урушида юз минглаб аскар йўқотганини таъкидлаб келади. Аммо расмий Москва 2022 йил сентябрдан буён йўқотишлар ҳақида гапирмай келмоқда.