Етти ойда ЙТҲлар оқибатида қанча одам ҳалок бўлгани очиқланди
Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг 1 078 нафари ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган.
Ўтган етти ойда Ўзбекистонда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1 115 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумот берди.
Жорий йилнинг етти ой давомида республика ҳудудида 4 772 та ЙТҲ қайд этилган. Шундан 2 453 таси ёки 51,4 фоизи субъектив сабабларга кўра содир этилган, яъни ҳайдовчилар йўл ҳаракати қоидаларига эътибор бермаслиги оқибатида келиб чиққан.
Ачинарлиси, 4 минг 564 нафари турли тан жароҳатлари олган.
Йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлганларнинг 1 078 нафари ёки 96,7 фоизи хавфсизлик камарини тақмаган. Соҳа мутахассисларининг фикрича, агар орқада ўтирган йўловчилар хавфсизлик камарини таққан бўлганида олдинги ўриндиқларда ўтирган йўловчиларнинг кўпчилиги автоҳалокатда омон қолиши мумкин эди. Уларнинг сўзларига кўра, агар орқадаги йўловчилар камар тақмаган бўлса, ЙТҲ вақтида олдинги ўриндиқда ўтирган йўловчининг ҳалок бўлиш эҳтимоли беш баробар ортади.
Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати статистикмаълумотларига кўра, ЙТҲ турлари бўйича сабаблар этиб пиёдаларни уриб юбориш, автомашиналар тўқнашуви ва бошқалар келтирилган.
Биргина Тошкент шаҳар ИИБ маълумотларида айтилишича, жорий йилнинг ўтган етти ойида пойтахтда 675 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган. Ҳодиса оқибатида 71 киши ҳалок бўлган, 787 киши турли тан жароҳатлари олган. Бахтсиз ҳодисаларнинг энг кенг тарқалган сабаби тезликни ошириш бўлган — 199 та ҳолат. Ҳайдовчилар томонидан 90 та ҳолатда тақиқловчи светофор ишорасига эътибор бермаслик, маст ҳолатда ҳайдовчилар иштирокида 8 та ЙТҲ содир этилган.