Намангандаги бозорда катта ёнғин содир бўлди
Сўнгги вақтларда бозорларда ёнғинлар сони ошиб бормоқда.
Наманган вилояти, Чортоқ туманида жойлашган бозор ёниб кетди. ФВВ хабарига кўра, 5 август куни соат 03:39 да Чортоқ туман Фавқулодда вазиятлар бўлимига “Наманган” МФЙ Мустақиллик шох кўчасида жойлашган савдо расталарида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида хабар келиб тушган.
Хабарга асосан зудлик билан воқеа жойига 9 та ёнғин-қутқарув экипажи жалб етилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, 250 кв.м майдонда дўкон ва савдо расталарининг ички қисмида бўлган маҳсулотлари ёниб зарарланган. Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғинни кенгайиб кетишининг олди олиниб, 4000 кв.м майдон сақлаб қолинган.
Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва халок бўлганлар йўқ.
Ҳозирда содир бўлган ёнғин юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.
Сўнгги вақтларда бозорларда ёнғинлар сони ошиб бормоқда. Аввалроқ, Қўқон ва Бухоро, Хивадаги бозорларда ҳам ёнғин содир бўлганди.