Намангандаги боғчада болалар тортдан заҳарланди
2 нафар болага эса бутунлай соғайганидан кейин, 26 июл куни жавоб берилган.
Намангандаги хусусий боғчада 15 нафар бола тортдан заҳарланди. Бу ҳақда вилоят мактабгача таълим бошқармаси хабар бермоқда.
Айтилишича, 25 июл куни Уйчи туманидаги “Гулшан” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг 15 нафар тарбияланувчиси сифати тез бузилувчи маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши, овқат токсикоинфексиясида гумонланиб, туман тиббиёт бирлашмасининг болалар юқумли касалликлари бўлимига ётқизилган. Ўрганиш натижасида муассаса тарбияланувчиларининг ота-оналари томонидан фарзандининг туғилган куни муносабати билан сифациз торт ширинлиги олиб келинганлиги ва у тарбиячи томонидан ўзбошимчалик билан болаларга берилгани аниқланди.
Шифохонада боалаларга дарҳол зарур муолажалар кўрсатилиб, ўша куннинг ўзида - икки соатдан сўнг 13 нафарининг ҳолати яхшиланганлиги сабабли уйларига кетиши учун шифокорлар рухсат етган. 2 нафар болага эса бутунлай соғайганидан кейин, 26 июл куни жавоб берилган. Ҳозирда болаларнинг ҳаммаси ўзини соғлом ҳис қилиб, “Гулшан” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотига қайтарилган.
Туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига қарашли барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари масъулларига таълим муассасаларига сифати тез бузилувчи маҳсулотларни олиб кирмаслик, тарбияланувчиларга турли газли ичимликларни ичирмаслик, унли озиқ-овқат маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича огоҳлантирилган.